Ёшлар фаоллиги келажакни белгилайди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан ташкил қилинган “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармасининг Бешариқ туман филиали ёшлар ўртасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларнинг истиқболли ғоялари ва лойиҳаларини самарали амалга ошириб келмоқда.

Хусусан, ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ўтган 2018 йилда манзилли рўйхат асосида 11 нафар ёш тадбиркорга ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун жамғарма томонидан бир миллиард уч юз миллион сўм миқдоридаги 7 фоизли, 5 йил муддатга бериладиган, имтиёзли даври бир йил бўлган кредит маблағлари ажратилди ва натижада 56 та иш ўрни яратилди.

— Ёш тадбиркорларнинг бизнес лойиҳалари нуфузли комиссия томонидан маъқулланиб, ваколатли банклардан имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. — деди “Yoshlar-kelajagimiz” жамғармаси туман филиали раҳбари Жаҳонгир Худойбердиев. – Натижада бу ёшлар туманимизда наслли паррандачилик, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш омбори, трикотаж ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, интенсив балиқчиликни йўлга қўйиш, автотеххизмат кўрсатиш каби тадбиркорлик йўналишлари бўйича фаолиятини йўлга қўйдилар. Жорий йилда яна 44 нафар ёш тадбиркорга имтиёзли кредит маблағлари бериш, шу орқали 267 та янги иш ўрни яратиш ва туман ҳудудида тўртта “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этиш режалаширилган.

Алишер Йўлчиев тадбиркорликни мақсад қилган ёшлардан бири. У 100 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олиб, Телов маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида “Алишер трайд центр” оилавий корхонасини ташкил этди. 6 нафар ёшлар доимий иш билан таъминланган мазкур корхонада катталар ва болалар учун ишлаб чиқарилаётган пайпоқлар сафатлилиги сабабли харидоргир.

220 миллион сўм кредит олган Бой маҳаллалик Баҳодир Собиров эса “Besh wood work” масъулияти чекланган жамият ташкил этиб, мебел ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйди. Бу билан Баҳодир 4 нафар ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилди.

Туманда оилавий корхоналар ташкил қилиб, халқ эҳтиёжи ва истеъмоли моллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйган тадбиркор ёшлар кўпайиб боряпти. Масалан, Узун маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида истиқомат қилувчи Аҳрор Отажонов ана шундай ишбилармон, фидойи, ташаббускор ёшлардан. У ҳам кўплар қатори ўтган йили жамғарма томонидан берилган 250 миллион сўм кредит эвазига “Beshariq mega chicken” оилавий корхонасини ташкил этди ва парранда маҳсулотлари етиштиришни бошлади. Айни кунларда янги ташкил қилинган мазкур жамоада ўн нафарга яқин ёшлар туман аҳолисига тухум ва пархез парранда гўштини етказиб бермоқда.

“Отажон” фермер хўжалиги раҳбари Дилшодбек Собиров 300 тонна мева ва сабзавотларни сақлаш омбори ташкил қилиб, 8 нафар ёшларни иш билан таъминлади, Шунингдек, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида туман ҳокимининг қарорига кўра “Ёшлар меҳнат гузари” ташкил этиш учун хусусий инвестор Лазизбек Ҳайдаровга фойдаланилмай турган бўш ер майдони ажратиб берилди. Бу ерда гузар ишга туширилиб, фаолиятини бошласа 25 нафар ёшларнинг фойдали меҳнат билан банд бўлиши таъминланади.