Эътибордан миннатдор қалблар

Фарғона “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйида   259 нафар бола тарбияланади. Буларга 255 нафар ишчи-ходимлар хизмат кўрсатади. 26 нафар тарбиячи болаларга таълим-тарбия беришмоқда, шифокорлар  болалар   соғлиғини назоратга олишган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 февраль кунги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг ҳожатманд қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий етимликнинг олдини олиш, ахоли ва ёшлар орасида соғлом оила куришга масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларни, маънавий-ахлокий муносабатни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мазкур қарорга асосан 2019 йил 1 мартдан “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчалари раҳбар ходимлари ва тарбиячилари, шунингдек, барча турдаги халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкаси 1.5 баробарга оширилиб, уни умумтаълим мактабларининг тегишлича раҳбар ва педагогик ходимлари базавий тариф ставкасининг 75 фоизи даражасида белгиланди. 2019 йил 1 октябрдан раҳбар ходимлари ва олий маълумотли тарбиячилари ҳамда барча турдаги халк таълими муассасаларининг олий маълумотли тарбиячиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактабларининг тегишли раҳбар ва педагог ходимлари базавий тариф ставкаларига тенглаштириш кўзда тутилди.

Болалар уйлари, ногирон болалар учун “Мурувват” интернат уйлари ҳамда сил касаллигига қарши болалар санаторийси тарбиячиларига тегишли тоифадаги давлат мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари учун белгиланган  базавий тариф ставкаси миқдорлари  қўлланилади. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди. Васийлик ва ҳомийлик органлари, “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари, болалар  уйлари ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бошқа тарбия муассасалари етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда, уларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда давлат божи ва бошқа тўловлардан озод этилди.

2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1.33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил килади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш белгиланди. Соҳага ихтисослаштирилган муассасаларида тиббиёт тизими педагогик ходимларининг малакасини ошириш мақсадида маблағлар ажратилиши белгилаб қўйилди.  Шунингдек, асосий ишидан ажралган ҳолда педагог ходимларнинг малакасини ошириш курсларига юборилганда  уларга ўқиш даврида  асосий  иш жойида ўртача иш ҳақи сақланиши  ҳам бизни бениҳоя хурсанд қилди.

Кейинги йилларда ақлий ривожланиши турли даражадаги бузилган болаларни  ижтимоий ҳаётга тайёрлаш масалаларига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Ақли заиф  болаларда кўриш, эшитиш, ҳаракат, нутқ ва бошқа нуқсонлар билан биргаликда кечиши мумкин. Бу камчиликлар болаларда мавжуд нуқсонни мураккаблаштириб, уларнинг таълим-тарбиясини қийинлаштиради. Лекин кузатишлар шуни кўрсатадики, изчиллик билан тўғри ташкил этилган   иш ижобий натижаларга олиб келади. Ушбу қарор барча тарбиячи ва ходимларимизга  куч-қувват бағишлади. Ғамхўрликдан руҳланиб, янада ғайрат-шижоат билан ишлашга ундади.

А.ТУРДИБОЕВ,

Фарғона “Мурувват” ногирон болалар

 учун интернат уйи директори.