Лойдан таралган сеҳрли оҳанг

Йиллар давомида ўзининг такрорланмас санъат асарлари, хусусан оддий тупроқдан ясалган кулолчилик маҳсулотлари билан дунёни лол қолдириб келаётган риштонлик уста-кулолларнинг машаққатли меҳнати ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларга бугун дунё санъат ихлосмандлари ижобий баҳо беряпти. Вилоятимизга келаётган туристлар оқими эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Риштон тумани марказидаги миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Р плюс КОРОН” корхонаси раҳбари Равшанжон Тожиддинов мухбиримизга бугунги кунда олиб борилаётган ишлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

– 1994 йилдан буён кулолчилик билан шуғулланаман. Ўша йиллари асосан идиш-товоқлардан иборат маҳсулотларимизни Самарқанд шаҳрига олиб бориб сотар эдик. Эндиликда эса, хорижлик мижозларимизнинг талаб-истаклари асосида тайёрланаётган маҳсулотларимзни экспорт ҳам қиляпмиз.

Ёшлигимданоқ дадамнинг акалари —  моҳир ҳунарманд, уста-кулол Абдурашид амакимга шогирд тушиб, шу соҳага қизиқиб, унга меҳр қўйганман. Дадам ҳам, бобом ҳам узоқ йиллар Риштоннинг Мискин маҳалласидаги кулолчилик заводида ишлаб, оила тебратишган, меҳнатлари билан қадр топишган. Оилада кулолчиликни давом эттириш менинг чекимга тушган экан, аввало дадамнинг дуоларини, устоз-усталарнинг дуоларини олиб, мана 27 йилдирки кам бўлмаяпман. Мен ҳам улар каби ҳурмат-эътибор топдим, қатор-қатор шогирдларга бугунги кунда устозман, шунисига шукур.

Тикувчилик цехининг бўш биносини олиб, дастлаб 4-5 киши бўлиб иш бошлаганмиз.

Айни кунларда корхонамизда 30-40 нафар ёшлар билан фаолият юритяпмиз. Ҳар бир давлатнинг миллий менталитетидан, анъанасидан келиб чиқиб, маҳсулотлар тайёрлаймиз. Бунинг учун ҳамма имкониятларимиз бор. Буюртма берувчи харидор япониялик бўладими, кореяликми уларнинг дидига мос, нақшинкор қилиб маҳсулотларни тайёрлаб берамиз.

“Микрокредитбанк”нинг Риштон туман бўлимидан 240 млн сўм кредит олдик. Бугунги кунда 200 турдан зиёд кулолчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаряпмиз. Ҳозир маҳсулотларимизни Исроил давлатига экспорт қиляпмиз. Яқинда Кореяга ҳам юбордик. Шу билан бирга оз-оздан Италияга ҳам етказиб бердик. Харидорларимиз кўпайиб боряпти.

Бундан икки йил аввал Исроил давлатида мижозимиз ташаббуси билан маҳсулотларимиз кўргазмасини ташкил қилдик. Мижозимиз барча маҳсулотларимизни ўзи сотиб олди ва ушбу кўргазма ҳақиқий байрамга айланиб кетди. Ўша давлатда Ўзбекистондан бориб яшаётган ватандошларимиз роса хурсанд бўлишди, яхши фикрлар билдиришди. Оддий Риштон тупроғига ишлов бериб,  уни санъат асарига айлантираётганимиз ҳаммани лол қолдирди.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарорига кўра жорий йилнинг сентябрь ойида Қўқон шаҳрида биринчи марта Халқаро ҳунармандлар фестивали бўлиб ўтади. Анжуманда ўзимизнинг чиройли ва бетакрор кулолчилик маҳсулотларимиз билан қатнашиб, хорижлик туристлар ва меҳмонларга ўзбекистонликлар қўл меҳнати билан нималарга қодир эканликларини яна бир бор амалда намойиш этамиз.

Ҳар қандай инсон ҳалол меҳнати билан эл ҳурматига сазовор бўлишини ҳаётим мисолида тушуниб етдим. Ўтган 2018 йили “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини амалга оширишдаги фаол иштирокимиз учун Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик Партияси Фарғона вилояти Кенгашининг “Ташаккурнома”сига, Бухоро шаҳрида ўтказилган XV анъанавий “Ипак ва зираворлар” фестивалида фаол иштирокимиз учун вилоят ҳокимининг “Фахрий ёрлиғи”га, 21-24 июнь кунлари Риштонда бўлиб ўтган 1-Халқаро кулоллар фестивалида “Энг кўп иш ўрни яратган кулол” номинацияси бўйича Ҳунармандлар уюшмаси Фарғона вилояти бошқармасининг диплом ва бошқа мукофотларга сазовор бўлдик.

Мен каби кўплаб кулолларнинг меҳнати маҳсули, олиб борган тарғиботи самарасини шунда кўриш мумкинки, эндиликда туристлар ўзлари биз ҳунармандларни қидириб, маҳсулотларимизни сўраб келишяпти. Бу эса биздан янада кўпроқ ишлашимизни, изланишимизни талаб қилади.