Камоланинг камоли

Яқинда Қўқон шаҳрида ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг ота-оналари иштирок этган маросимда вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Раҳматжон Маматов шаҳарда истиқомат қилувчи пенсионер Кабирахон аяга бошқарманинг миннатдорчилик сўзлари битилган ёрлиғини тантанали равишда топширди.

Унда, шундай дейилган эди: “Пўлатова Камолахон Холматжон қизининг ота-онасига. Ватанимиз тинчлигини ва эл-юрт осойишталигини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари ҳамда жиноятчиликка қарши кураш фаолиятида юксак касб маҳоратини намоён этиб келаётганлиги, фарзандингизни хизмат бурчига фидойилик руҳида тарбиялаганлигингиз учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман”.

Эҳтиром билан топширилган ушбу ёрлиқни  Кабирахон ая қўлига олар экан беихтиёр кўзларида ёш қалқди. Қани эди, буни турмуш ўртоғи, раҳматли Холматжон ака олганида эди қанчалик севинган, фарзандининг камолидан қувонган бўлар…

Камолахон Пўлатова вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси 3-отряд, 1-сафарбарлик гуруҳи йўл-патрул хизмати катта инспектори, катта сержант. Кўриниши мулойим, босиққина бўлишига қарамай, хизматда жиддий, ҳуқуқбузарликка нисбатан муросасиз. У Қўқон шаҳридаги 3 мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, политехника касб-ҳунар коллежида ўқиди ва 2012 йилда ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича диплом олган.

Дадаси Холматжон ака Ибрагимов узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилган, подполковник эди. У умрининг сўнгги кунларида фарзандларига битталаринг мени касбимни давом эттиринг, деб васият қилган ва кичик қизи Камолахон дадасига албатта орган ходими бўлиб, форма кияман ва сизга муносиб фарзанд бўламан, деб ваъда берган.

Падарибузрукворининг вафотидан сўнг Камолахон спорт билан мунтазам шуғулланди.  Таэквондо ВТФ йўналиши бўйича 5 карра Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Қатор “Фахрий ёрлиқ”лар ва медаллар соҳиби бўлди. Ва ниҳоят спортда эришган барча ютуқларини намоён этувчи хужжатларини олиб, вилоят ИИБ бошлиғи қабулига кирди.

-Дадамнинг васиятига кўра, унинг ишини давом эттирмоқчиман, сўз берганман. – деди у қаршисида турган генералга. – Мана хужжатларим. Таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони, терма жамоа аъзосиман. Менга ёрдам беринг, шу соҳада ишлаш орзуим. Ўзимнинг бор куч ва ғайратимни, билимимни халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлига сарфлайман.

Камолахондаги ғайрат, шашт, ҳар бир гапни лўнда-лўнда қилиб, чертиб-чертиб гапириши генералга маъқул келди.

-Яхши қизим. Сендай фидойи ёшлар тизимимизга жуда зарур. Мен вазир билан гаплашаман.

Шундай қилиб Камолахон 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсини битириб, Фурқат туман ИИБда жазони ижро этиш инспекцияси инспектори бўлиб хизматини бошлади. Оз муддатдан сўнг шу вазифани Қўқон шаҳар ИИБда давом эттирди.

Кейинчалик бир муддат Қўқон шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида тарбиячи лавозимида ишлади. Бу орада йўл ҳаракати хавфсизлиги жамоаси сафларига қўшилишни таклиф қилишди ва Камолахон  унга рози бўлди.

Янги хизматда учрайдиган айрим қийинчиликларни енгишда унга яқиндан кўмак бериб келаётган  тажрибали устозлари – лейтенант Муҳиддин Тошматов, 3-отряд, 1-сафарбарлик гуруҳи командири, лейтенант Ёрқинжон Ибрагимов, сафдоши, катта сержант Бахтиёр Тўйчиевлардан бир умр миннатдор.

Камолахон хизмати давомида йўл ҳаракати қатнашчилари, яъни йўловчи –қариялар, ёш болалар, мактаб ўқувчилари, ногиронларнинг катта йўлдан ўтишларда ёрдам бериб, хавфсизлигини таъминлаш вазифаси юклатилган “Эзгулик патрули”да ҳам фаолият юритиб келмоқда. Шу билан бирга хизмат ҳудудидаги умумтаълим мактабларига бориб, ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида ҳаракат хавфсизлиги хақида, шунингдек, ўқувчиларнинг катталар назоратисиз транспорт серқатнов йўлдан эмас, балки белгиланган жойдан ўтиши кераклиги юзасидан суҳбатлар ҳамда ҳар ойнинг 3-жумасидаги “Автомобилсиз кун”да фуқаролар билан очиқ мулоқотлар олиб боради.

Ички ишлар тизимида ишлаш қийин ва машаққатли. Бу ишда вақт чегараланмайди. Лекин Камолахон келин бўлиб тушган оиланинг бошлиғи Олимжон ака ҳам, қайнонаси Одинахон ая ҳам, турмуш ўртоғи, шаҳар ДСИ ходими Қаҳрамонжон ҳам унга барча шароитларни яратиб беришади.

Фурсатдан фойдаланиб, Камолахон ва у каби ички ишлар тизимида хизмат қилаётган барча аёлларимизни 8-март – Халқаро хотин-қизлар байрами ҳамда яқинлашиб келаётган Наврўз айёми билан қизғин муборакбод этамиз. Бахтимизга ҳамиша соғ-омон бўлинг хонадонимиз кўрки, баракаси, уйимиз фаришталари!