Юрт ишончи – шон-шараф

Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси учун нафақат конституциявий бурч, муқаддас мажбуриятга, айни чоғда нуфузли касбга айланди.

Илгари хабар қилганимиздек, Президентимизнинг 2019 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартибини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан вилоятимизда йигитларни ҳарбий хизматга кузатиш ва хизматни ўтаб бўлган ёшларни тантанали кутиб олиш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Марғилон темирйўл вокзалида резервга бўшатилган бир гуруҳ аскарларни кутиб олиш тадбири катта тантана айланиб кетди. Унда сўзга чиққан Марғилон шаҳар ҳокимлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси вакиллари ҳамда ўз бурчини садоқат билан бажарган аскарлар мудофаамиз қудрати йилдан йилга юксалаётганини, ҳарбийларни ижтимоий муҳофаза қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этдилар. Юртимиз тинчлигини, халқимиз осойишталигини асрашга барчамиз дахлдор эканлигимизни мамнуният билан таъкидладилар.

–Ҳарбий хизматда ўтган кунларим мен учун унутилмас бўлиб қолади, – дейди оддий аскар Эсонали Маҳмудов. – Юртимизнинг бахтиёр фарзандлари қаторида эканимдан фахрланаман. Армияда жисмонан чиниқдим, маънан юксалдим, етарли билим ва кўникмага ҳамда имтиёзга эга бўлдим. Ўйлайманки, муқаддас бурчни бажариш ва Ватан ишончига муносиб бўлиш ҳар бир сафдошимнинг эзгу ниятидир.

Карнай-сурнай садолари тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.