Суд залидан озод этилди

Бугун мамлакатимиз суд тизимида муҳим қадамлар қўйилди. Жиноят қонунчилигини янада либераллаштириш ва жиноят содир этган шахсларни жиноий таъқиб қилиш муддатларини мақбуллаштириш чоралари кўришга киришилгани бунга мисол.

Масалан айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш, жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш муддатларини қисқартириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб ўн йил муддат ўтган бўлса, шахсни жавобгарликка тортиш мумкин эмаслигини белгиловчи қоидалар жорий этиш назарда тутилаётгани халқ манфаати йўлидаги муҳим ва эзгу қадамлардан бўлди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Қува туман судида бир гуруҳ айбланган шахсларга нисбатан оқлов ҳукми ўқилди. “Халқ банки” акциядорлик-тижорат банкининг Қува туман филиали бошқарувчиси Мақсуджон Бўтаев, филиал бош ҳисобчиси Нуриддин Халилов, филиалнинг ғазна амалиётлари бўлими ғазна мудири Зулфия Ахуновалар пул сақлаш омборидаги қимматликлар учун жавобгар бўлган ҳолда ўз вазифаларини лозим даражада бажармаганликда айбланган. Яъни улар валюта маблағларини вақтинча сақловда бўлган ва филиалдан олиб чиқилган, иш вақти якуни бўйича сақловга қайта топшириб келинган қолдиқдаги моддий қимматликларни ҳисоб маълумотларига мослигини ўрганиб бормаганлар. Юритилаётган маълумотлар сохталаштирилган, нақд пул ва қимматликларнинг бутлиги ҳамда дахлсизлигини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўрилмаган. Оқибатда 2017 йил 29 май ҳолати бўйича ўтказилган тафтиш чоғида 148.489.818 сўм 82 тийин қийматдаги 38867 АҚШ доллари миқдоридаги валюта маблағлари камомади аниқланган. Юқоридаги шахслар давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказганликда айбланган.

Афсуски, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 1-қисми билан етарли далиллар бўлмагани ҳолда айб эълон қилинган. Шунингдек, тергов органи туман банки филиалида кузатув камералари ўрнатилмагани, ички ишлар бўлимининг қўриқлаш тизими ташкил этилмаганлиги сабабли, ғазнада нақд пул ва қимматликларни сақлаш тақиқланиб, банк омбори муҳрлаб ёпиб қўйилгани ҳолатига баҳо бермаган.

Суд ҳайъати томонидан Н.Халилов, М.Бўтабоев, З.Ахуноваларни назарда тутилган жиноятни содир этишда даҳли бўлмагани сабабли шубха ва гумонлар асосида айблаб бўлмайди, деб ҳисоблайди. Шунга кўра, уларни оқлашни (реабилитация қилишни) мақсадга мувофиқ ҳисоблаб ҳукм чиқарди ва суд залидан озод этди.

Ошкоралик, адолат, инсонпарварлик каби юксак тамойиллар жамиятимизнинг бош мезонига айланаётган юртимизда бегуноҳ инсонлар қонун ҳимоясида.

Б.ВАХОБОВ,

жиноят ишлари бўйича

Қува туман судининг раиси,

 

А.МИРЗАЕВ,

жиноят ишлари бўйича вилоят

 судининг судьяси.