Оила қўрғони мустаҳкам бўлсин!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармонига  асосан  Вазирлар  Маҳкамаси ҳузурида республика “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари фаолият юрита бошлади.

Марказнинг асосий вазифаси оила институтини мустаҳкамлаш бўйича энг аввало, “Соғлом оила–соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, барча жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш, низоли  ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш юзасидан илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик ишларини амалга оширишдан иборат.

Туманда  фаолият олиб бораётган  65 та маҳалла  фуқаролар йиғинида 61350 та оиладан  4300  таси  намунали оила, 1433 та кам таъминланган, 37 та нотинч ва 292 ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар мавжуд. Туманимизда  ажрим  ёқасига келиб қолган оилалар аниқланиб, хонадонга бориб, у ердаги  ҳолатни ҳар томонлама  ўрганиб чиқдик. Натижада 220 та оиладаги келишмовчиликлар бартараф этилиб, яраштирилди.

Катта Деҳқонобод, Туркравот, Мўйдин Ҳасанов, Ўзбекистон, Дўстлик,  Маданият  МФЙ ларда “Оила-жамият ва давлат ҳимоясида”, “Оила-муқаддас қўрғон”, “ Ёшлар тарбиясида  ота-онанинг ўрни”,  “Оилавий низолар ва  уларнинг олдини олиш” мавзуларида ўтказилган тадбирлар натижасида  67 нафар оилалар тикланди, ажримларнинг олди олинди.  Оилаларда  ҳуқуқий маданиятни ошириш мақсадида туманнинг чекка ҳудуди – Баҳор, Ўрабоши, Бўстон МФЙ ларда “Ҳуқуқингизни биласизми?” мавзусида соҳа мутахассислари иштирокида суҳбатлар ўтказилди.

Тумандаги намунали оилаларни тарғибот қилишга  катта аҳамият қаратганмиз.  Масалан, ўтган  йили  “Ибратли оила” кўрик-танловининг  туман босқичида  Турк МФЙ да истиқомат қилувчи А.Тошбоевлар оиласи ғолиб бўлиб, вилоят босқичида рағбатлантирувчи мукофотни қўлга киритишди. Абдумўмин Тошбоев  25 йил мактабда  директорлик қилиб, нафақага чиққан. Уларнинг оиласини барчага  намуна  қилиб  кўрсатилади.  У турмуш  ўртоғи  Робияхон опа билан   4 нафар фарзандни эл корига камарбаста қилиб тарбиялаган, келинларини фарзандидай ардоқлаб келаётган оилага ҳамма ҳавас билан  қарайди.

Юртбошимизнинг “Мамлакатдаги ҳар бир  оила  менинг оиламдир, оиламни бузмоқчи бўлган инсонга эса, душманимга қарагандек қарайман” деган сўзлари барчамиздан оилани ардоқлашни, севишни,  қадрига етишни талаб қилади.  Бунга  жавобан  туман  хотин-қизлар  қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда  оилалар тинчлигини  мустаҳкамлаш, маънавиятини юксалтириш ва фаровонлигини ошириш йўлида елкама-елка туриб, Ватан олдидаги бурчимизни бажаришга аҳд қилганмиз.

Манзура АҲМАДАЛИЕВА,

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Қува туман бўлими раҳбари,

туман Кенгаши депутати.