Эъзоз ва эҳтиромдан мунаввар диллар

Фарғона тумани маданият уйида 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Илҳомжон Носиров барчани энг суюкли байрам билан самимий муборакбод этди.

Байрам тадбирида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман Кенгаши раиси ўринбосари Эътибор Ғаниевага “Мўътабар аёл”, Водил МФЙ раиси маслаҳатчиси Ўлмасхон Якубовага “Меҳнат фахрийси” кўкрак-нишонлари топширилди. Шунингдек, байрам муносабати билан турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ фаол хотин-қизлар вилоят ҳамда туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи, эсдалик совғаларига сазовор бўлдилар.

Мунис опа-сингилларимизни Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов қутладилар. Тантана қатнашчилари учун байрам дастури намойиш этилди.