Онани асрасак, болани асраймиз!

Соғлом турмуш тарзи. Шу уч дона сўз ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланган.

Соғломлик кўп нарсага боғлиқ: генетика, овқатланиш тартиби, атроф-муҳит ва ҳоказо. Турмуш тарзимизда соғлом овқатланиш ва тозаликка риоя қилсак бизга ҳар хил вируслар яқинлаша олмайди.

Фарғона шаҳар шошилинч тиббий ёрдам марказининг мажлислар залида “Соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади” шиори остидаги илмий-амалий семинарда шу мавзуга эътибор қаратилди. Тренингда тиббиёт фанлари номзоди Нурулло Маҳмудов, 1-жарроҳлик кафедраси мудири Акмал Юлдашев, вилоятимизда фаолият юрутувчи барча акушер-генекологлар ҳамда Тошкент тиббиёт академияси  Фарғона филиали талабалари қатнашди.

– Бугунги кунга келиб торч инфекциясининг тарқалиш кўлами кенгайиб бормоқда – дейди тиббиёт фанлари номзоди, доцент Раънохон Юсупова.– Агар бу вирус ҳомиладорликнинг 12 ҳафталик даврида юқса, кўпинча аёлнинг ҳомиласи нобуд бўлишига олиб келади. Эркакларда эса бепуштликка. Ушбу инфекция асосан чет давлатларда ишлаб қайтганларда кузатилмоқда. Табиийки, бу вирус юқумли. Биз  шаҳар ва туманлардаги шифохоналарда шу вирус ҳақида тушунтириш ишларини олиб бормоқдамиз. Бу инфекцияга ўз вақтида ташхис қўйиб, даволаш ишлари олиб борилса, ундан батамом қутулиш мумкин.

Семинарда Тошкент тиббиёт академияси  Фарғона филиалининг 5-6 курс талабалари инфекциянинг келиб чиқиши, юқуши ва даволаш усуллари ҳақида тайёрланган слайдларни тақдим этдилар. Семинар сўнгида маъруза қилган талабалар фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.