Зукко ҳамшира

Баҳор фасли байрамлар билан бошланади. Кўкламнинг илк кунларида дунёдаги барча аёллар эъзоз ва эҳтиромда бўладилар. Бизнинг жаннатмакон Ўзбекистонимизда аёл қадри жуда буюкдир.

“Ҳамшира – 2018” республика кўрик-танловида 14 нафар ҳамшира ўзаро беллашдилар. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалининг қабул диагностика бўлими ҳамшираси Марҳабо Абдукаримова ҳам мазкур танловда фаол иштирок этди ва учинчи ўринга сазовор бўлди. Анъанага мувофиқ, танлов ғолибларига тиббиёт олий ўқув юртларида имтиёзли таҳсил олиш имконияти берилди. Фарғоналик лобар ҳамширамиз ҳам олий таълим маскани талабасига айланди.

Ҳозирда уч нафар фарзанднинг онасиман. 2005 йилдан буён Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалида  ҳамширалик фаолияти билан шуғулланмоқдаман. Танловдаги ғалабам мен учун улкан имкониятлар эшигини очди. Талабалик бахти ҳам менга насиб этганлигидан бутун оиламиз аъзолари жуда қувондилар. Ҳамма нарсага бирдек улгуришимда қайнонам менга ҳамиша ёрдам беради.