“Қўқон – 1912” Фарғонада ўйнайди

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг қарорига мувофиқ бу йил суперлига мусобақаларида 14 та жамоа иштирок этади. Самарқанднинг “Динамо” ва Термизнинг “Сурхон” жамоалари олий дивизионда тўп сурадиган бўлдилар.

Бу йилги мавсумда суперлигада вилоятимиз шарафини “Қўқон – 1912” жамоаси ҳимоя қилади. Нўъмон Ҳасанов раҳбарлигидаги футболчилар янги мавсумга тайёргарликни Тошкент шаҳрида ўтказмоқдалар.

Ўртоқлик учрашувларида жамоага янги таклиф этилган спортчилар маҳорати синовдан ўтказилди. Сербиялик Боян Кнежевич, Милош Николич, Марко Милич, “Металлург” жамоасидан Жасур Ҳасанов, АГМК жамоасидан Жамшид Ҳасанов ва “Бухоро” клубидан Шаҳбоз Эркиновлар синовдан муваффақиятли ўтиб, янги мавсум учун шартнома имзоладилар.

Қўқон ва Намангандаги асосий стадионлар қайта таъмирланиб, янги мавсум талабларига мослаштирилаётганлиги боис “Навбаҳор” – “Қўқон – 1912” жамоаларининг чемпионатдаги биринчи учрашуви Фарғонадаги “Истиқлол” стадионида ўтказиладиган бўлди. Стадион маъмуриятининг таъкидлашича, майдон янги мавсумга ҳар жиҳатдан пухта тайёрланган. Футболчилар ва мухлислар учун етарли шарт-шароит яратилган.

–Ўз стадионимиз май ойининг охирларида чими янгиланиб, тўла таъмирдан чиқарилади, – дейди “Қўқон – 1912” жамоаси бошлиғи Бахтиёржон Толипов. – Шу боис навбатдаги турда бу йил суперлигада тўп сурадиган “Андижон” жамоасини ҳам “Истиқлол” стадионида қабул қиламиз. Йигитларимиз бу беллашувларга қизғин тайёргарлик кўрмоқдалар.

“Навбаҳор” – “Қўқон – 1912” учрашуви 10 март соат 16:00 да бошланади.

Дониёр ЭРГАШЕВ.