Эмас осон адолат ичра турмоқ …

Касбимиз тақозоси билан суд ҳукмлари баёнлари билан батафсил танишиб чиқишга тўғри келади. Кези келганда ҳукм баёнини сўзма-сўз, диққат билан ўқиб чиқамиз.

Жиноят жараёнлари, айбланувчи ва жабрланувчи ҳақида мулоҳаза юритамиз. Бизнинг назаримизда ҳар бир ҳукм гўё инсон тақдирини ҳал этувчи бадиий-трагедик асарга ўхшайди. Ҳукмдаги ҳар бир кульминацион нуқта инсон туйғуларини ғалаёнга солади. Айбдорга нисбатан гоҳида  нафрат, гоҳида раҳмдиллик ҳисларини уйғотади.

Бироқ, биз қанчалар ҳиссиётларга берилмайлик, жиноят ва жазо ҳукмини одил суд ўқийди. Ҳа, қонун барчага баробар деган шиор ҳам суд томонидан ўз тасдиғини топади. Шу маънода судьялар меҳнатига баҳо берганда бу касбнинг ўта нозик ва машаққатли жиҳатларини ҳам инобатга олиш тўғрироқ бўлади.

Қаҳрамонимиз  тажрибали ҳуқуқшунос, умрининг салкам қирқ йилини прокуратура, суд фаолиятига бағишлаган Замирахон Ҳайдарова билан учрашув ва очиқ мулоқотларда унинг касбига фидоийлиги, ишлаш принципини кўриб бир саволни беришаркан. “Сизнинг ҳам оилангиз, фарзандларингиз борми?

Дарҳақиқат аёл зотининг зиммасида оилани асраш, фарзанд тарбиялашдек  жиддий масъулият бор. Суд ҳукмига оид хулосалар эса Замира опага ана шу масъулиятни ҳамиша эслатиб турарди. Оилавий ажримлар, вояга етмаганлар жинояти…Суднинг қора курсисида ўтирган ўсмирни кўрганда қалби огоҳлик қўнғироғини чалиб юборар, шу жиноятчи менинг болам бўлганида қай аҳволга тушардим деган фикрни ичидан ўтказарди. Ана шу уйғоқлик опага фарзанд тарбиялашда моҳир мураббийлик салоҳиятини ҳам  инъом этди.

Касбим тақдиримга битилган эканми, падари бузрукворимнинг қаршиликлари  кейинчалик рози-ризоликка алмашинди, — дейди Замира опа. Ўша пайтларда бизнинг Қўқон томонларда илм-маърифатга ҳайриҳоҳ инсонлар кўп бўлса-да, аксарият оталар қизини прокурор ёки судья бўлишини истамасдилар.  Оилада беш қиз ичида тўртинчи эдим, дадам раҳматли танлаган касбимни эшитиб анча пайтгача ўйланиб, иккиланиб юрганлар. Боз устига Тошкентда катта зилзила бўлган йиллар, одамлардаги қўрқув-хавотир ҳали чекинмаганди. Лекин менинг аҳдимда қатъий туриб олишимни бошқа сабаби бор эди. Бир куни “Саодат” журналида Фарғона вилояти прокурори Раҳимахон Ходжаева ҳақидаги мақолани ўқиб қолдим.  Ана шу аёлга ўхшагим келди.  Шууримга дадиллик индими, Тошкент Давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетига кириб кетдим. У даргоҳни қизил диплом билан битириб Қўқонга келганимда дадам раҳматли энди, бўлар иш бўлди деб, қўлимдан етаклаб шаҳар прокуратурасига ишга олиб борди. Буни қарангки шаҳар прокурори мен беш йил аввал ҳавас қилган аёл Раҳимахон Ходжаева бўлиб чиқди. Унинг раҳбарлиги остида бир йил стажёр бўлиб ишладим. Ана шу бир йил мен учун бир умрлик мактаб бўлиб хизмат қилди. Устозимдан қатъийлик, собитқадамлик, ўз сўзидан қайтмаслик, кичкинагина жиноятни ҳам ўта синчковлик билан ўрганиш учун сабр, энг муҳими виждон тарозисига қонун билан адолатни тенг қўйишни ўргандим.

Судья билан суҳбатимиз айнан саксонинчи йилларнинг турғунлик даври воқеаларига тақалди. Нафақат кекса авлод, балки ўрта авлод вакиллари ҳам яхши эслашади, ўша даврларда халқ орасида “чайқовчи” деган атама бўларди.  Дўконларда камёброқ товарни “подприлавка” яъни раста остига яшириб сотишлар авжига чиққанди. Шу ўринда бир нарсани унутмаслик керакки, ўша пайтларда ҳам мўмай даромад илинжида керак бўлса виждонини ҳам пуллайдиган кимсалар ҳам йўқ эмасди. Опа ана шундай устамонлар билан кўп бор баҳслашган.

Қўқон темир йўл вокзалига вилоятнинг ҳамма шаҳар-туманидан келиб-кетувчилар кўп эди. Айтайлик, 30 килограмм анорни Москвага олиб кетаётганлиги учун Жиноят кодексининг 175 модда, 77-87 бандларига  мувофиқ жазо қўлланиларди.  Қўқон суди судьяси бўлиб ишлаб юрган кезларимда бир “чайқовчи” аёлнинг жиноий ишини ўрганиб чиққандим. Аёлнинг беш боласи, қўлида эмизикли гўдаги ҳам бор. У қамоқ жазосига маҳкум этилса вояга етмаган болалар чирқираб қолиши аниқ. Ишни ниҳоятда синчковлик билан ўргандим.  Ўшанда вилоят суди раиси Усмон Исмоилов, суд раиси муовини Музаффар Маҳмудовнинг сабоқларига, кўрсатмаларига таянганман. Айниқса устозим тажрибали судья, бугунги кунда фахрийлар кенгаши раиси Карим Толиповнинг айтган гаплари ҳамон қулоғим остида жаранглаб туради:  “Қайта, қайта такрорлайман, ишни пухта ўрганиб хулоса қил, атиги битта сўз ҳам квалификацияни ўзгартириб юборади.” деб такрорларди.

Шундай қилиб судда ҳукм ўқилди! Аёлга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланди!!!

Суд мажлиси тугагач, аёлнинг эри гул кўтариб мен томонга келяпти. Гулни менга эмас, аёлингизга беринг, дедим. Шундай вазиятларга дуч келсам, кўз ёшимни ичимга ютишга ўрганганман. Ахир мен қонун ҳимоячисиман. Жиноятчига жазо бериш билан иккинчи томоннинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинади-ку.

Судья фаолияти билан батафсил танишар эканмиз, бу касбнинг  очилмаган қирраларидан воқиф бўламиз. Айтайлик, К. исмли фуқаронинг томорқасидан наша ўсимлиги топилган. Лекин у  уруғи қаердандир ерга тушиб чиқиб қолибди, деб важ кўрсатяпти. Бу борада К. нинг гиёҳвандлик моддаси истеъмол қилишга мойиллик сабаблари ҳар томонлама ўрганиб чиқилади.  Қўни-қўшнилари, гувоҳларнинг фикрлари ўрганилади. Ёки иккита бир хил жиноят иши. Иккаласига икки хил жазо бериб бўлмайди. Ва ёки судда икки ҳукм бўлади, айблов ва оқлов. Ҳар иккиси ҳам кучли тадқиқот талаб қилади.  Жиноятчининг хатти-ҳаракатини ҳис қилиш, унинг ўтмиши ва бугунига баҳо беришда ҳам энг аввало қонун ва адолат мувозанатини сақлашни билиши керак.

…Замира опа 15 йил Данғара тумани прокурори ёрдамчиси, 18 йил Бувайда тумани суди раиси сифатида самарали меҳнат қилди. Сайёр судларда унинг маърузаларини тинглаганлар суҳбат-мулоқотга яна чақиришар, маҳалла гузарларига, таълим муассасаларига таклиф қилишарди. Вояга етмаганлар, аёллар ўртасидаги жиноятчиликни олдини олиш, оилавий ажримларни бартараф этишда опанинг таъсирчан сўзи, билим ва дунёқараши муҳим омил бўларди.

Қаҳрамонимизнинг ташаббускорлик, эзгу ишларга камарбасталик фазилати унинг ҳаёти элнинг қувонч ва ташвишлари билан уйғунлик касб этганидан далолат беради.  Бувайдада иш бошлаган кезларида биринчи маош олган куним Биби Убайда зиёратгоҳини ободонлаштиришга ҳисса қўшаман, дея кўнглига тугиб қўйганди. Мозоротга бориб кўзлаган мақсадини адо этди-ю барибир кўнгли жойига тушмади. Чунки зиёратгоҳда тоза ичимлик суви ҳам, оқава сув ҳам йўқ эди. Маҳалла кексалари билан маслаҳатлашди, уларнинг дуоларини олди.  Оила аъзолари, яқин жигаргўшалари билан маслаҳатлашиб, оилавий маблағларини чамалаб 100 метр чуқурликдан сув қазиб чиқаришга эришишди. Маҳалла-кўйнинг муроди ҳосил бўлди. Ҳозир ана шу сув ҳавзаси бутун Бувайда МФЙ ни оби-ҳаёт билан таъмин этяпти.

Муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларга ҳурмат-эътибор намунаси сифатида ҳаммуаллифликда “Биби Убайда зиёратгоҳи” номли китоб чоп этилди.

Аждодлар хоки ётган она тупроқни эъзозлаган ҳеч қачон кам бўлмас экан. Албатта бу эзгулик инсоннинг ўзига мукофот бўлиб қайтаркан. Тўнғич ўғли Воҳиджон тажрибали фермер, Шерзоджон, Шуҳратжонлар суд-ҳуқуқ тизимида малакали мутахассис бўлиб етишдилар. Ҳаётда, меҳнатда, оилада опага ҳамиша елкадош бўлган табаррук инсон Миршоҳид ака билан бугун бақамти туриб ўтган умрларининг сарҳисобини шукроналик ила эсга оладилар.  Бу икки бахтиёр оила соҳиблари ота-оналари дунёдан ўтгунга қадар фарзандлик бурчларини ҳам чин дилдан адо этдилар.  Замира опанинг босиб ўтган ибратли йўли эндиликда келинларига бир мактаб вазифасини ўтаяпти.

Йиллар ўз муҳрини оналар юзига босаркан-у, уларнинг бедор қалбларини ҳеч нарса маҳв этолмайди. Бир қўлида бешик тебратиб бир тиззасига кашта қўйиб ипак тортган оналарнинг хотиралари бугун чўпчакка айланган. Замира опа Ҳайдарова ҳам ўз таъбири билан айтганда  бир қўлида бешик тебратиб, бир қўлида китоб ўқиди. Кези келганда ҳуқуқшуносликка оид китоб ва рисолалар, Олий суд пленуми қарорлари, бюллетенларини кечалари ўқиб, муҳим матнларни сўзма-сўз ёдлаб, ўз устида тинмай изланди. Шу боис адолат майдонида адл тура олди. Толеи баланд бўлди, иқболи кулди.  Шоира Зулфияхоним айтганларидек аёл зоти учун шудир бир яшаш…