Қонунни буздингизми, жавоб беришга мажбурсиз!

Қонун устувор бўлган давлатимизда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти янада юксалиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланмоқда. Бироқ, фуқаролик бурчи масаласида бироз бепарволик иллатлари кузатилмоқда. Олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот ишларига қарамасдан, айрим истеъмолчилар томонидан электр энергияси ва табиий газ истеъмоли борасида ҳамон ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмоқда.

Мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда шаҳардаги “Мехрибонлик” маҳалласида яшовчи М.Рахимов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12.01.2018 йилдаги 22-сонли қарори билан тасдиқланган “Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари”нинг 118 ва 120-бандларига зид равишда умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 2 йил давомида 39370 Квт.соат электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланиб, электр таъминоти корхонаси манфаатлари 9 миллион зарар етказилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 101-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, у томонидан етказилган зарар электр таъминоти корхонаси фойдасига ундирилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, электр энергияси ва табиий газ тўловларини ўз вақтида тўлаш, табиий неъматлардан оқилона ва қонунда белгиланган тартибда фойдаланиш нафақат оилалар фаровонлигини таъминлаш, балки мамлакатимизнинг иқтисодий ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

М.Хакимов,

Мажбурий ижро бюроси

Фарғона шаҳар бўлими

Қарздорликни судгача

ундириш шўъбаси инспектори