120 нафар ишсиз касб-ҳунарга ўргатилмоқда

Вилоят  Бандлик бошқармасига мурожаат қилган, иш излаётган кўплаб аҳоли эндиликда қайта ўқитиш курсларида  ўқиб, ҳунарли бўлишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни  янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаш  чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон  Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфига ўтказилган  Фарғона  саноат  касб-ҳунар коллежи ва Фарғона шаҳар  имконияти  чекланган  шахслар  учун  ихтисослаштирилган  республика касб-ҳунар коллежининг ўқув  ишлаб чиқариш  базасида меҳнат бозорида эҳтиёж юқори  бўлган  касбларга  ишсиз, ўз касби  бўйича  иш топишда қийналаётган   фуқароларни касбга тайёрлаш бўйича қисқа муддатли (3- 6 ойлик) ўқув курслари ташкил этилди.

Жумладан, Фарғона саноат касб-ҳунар коллежида пайвандлаш ишлари устаси, сантехника ишлари устаси, авточилангар ва электромонтёрлар тайёрлаш ўқув курсларига қабул ниҳоясига етказилиб, ўқиш бошланди.

–Вилоят  Бандлик  бошқармасидан  жўнатилган  120 нафар  ишсиз  фуқарога тўртта мутахассислик  бўйича коллежимиздаги малакали ва тажрибали мутахассислар  ўқув машлуғотлари олиб боришади, – дейди коллежнинг ўқув  ишлари  бўйича  директор  ўринбосари  Ҳусанбой  Собиров. – Курс  тингловчилари таълим муассасамиздаги барча шароитларга  эга  устахоналарда  касб-ҳунарга  ўқитилади.  Электромонтёрлик курси 6 ой, қолган  учтаси 3 ойлик курслар саналади.

Вилоятимизнинг  узоқ  ҳудудларидан  келган  тингловчилар  барча  шарт-шароитларга  эга ётоқхона  билан  таъминланади. Касбга  тайёрлаш курсларида ўқитилган ишсиз фуқароларга  туман-шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш  марказлари  томонидан  белгиланган  энг кам ойлик иш ҳақининг 75 фоизи  миқдорида  стипендия тўланади. Битирувчиларга эгаллаган касби бўйича давлат рўйхатидан ўтказилган махсус сертификат  топширилади. Ўқиш бепул амалга оширилиб, иш билан таъминлаш кафолатланади.

Ушбу  ўқув  курсларида ўқиб, ҳунарли бўлиш истагини билдирган фуқаролар  ўз  ҳудудларидаги  аҳоли  бандлигига  кўмаклашиш марказларига мурожаат  қилишлари мумкин.