Инновацион ғоя, тажриба ва технологиялар

Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 13 ноябрдаги “Паррандачиликни янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори халқимизни парранда маҳсулотлари, айниқса, тухум ва товуқ гўштига бўлган эҳтиёжини замонавий мезонлар асосида тўлиқ таъминлашни назарда тутади.

Бугунги кунда мамлакатимизда паррандалар сони 81,5 миллион бошга етиб, 2018 йили паррандачилик хўжаликлари томонидан 7,2 миллиард дона тухум, 183 минг тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилди ҳамда 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиниши таъминланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабида аҳоли жон бошига йилига 208 дона тухум белгиланган бўлиб, бу кўрсаткич юртимизда 220 донага етди. Мамлакатимизда аҳолига жон бошига парранда гўшти ишлаб чиқариш 5,8 килограммни ташкил этади.

Айни пайтда манзилли дастурга асосан вилоятимизда ҳам паррандачилик кластери фаолияти шакллантириляпти. Кластер фаолияти орқали тухум етиштиришдан бошлаб, озуқа базаси, лаборатория ва инкубаториялар ташкил этиш, товуқ боқиш ва сўйиш, бўлакларга ажратиш цехлари, қадоқлаш ва экспортгача бўлган барча жараёнларни ўзаро умумлаштириш режалаштирилган. Бу борада тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, соҳага инновацион ғоя ва замонавий технологияларни жалб қилиш мақсадида Германия, Бельгия, Италия ва Россия сингари давлатларнинг йирик компаниялари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда.

Бу соҳа фаолиятини ривожлантириш мақсадида давлатимиз томонидан лойиҳаларни молиялаштириш учун паррандачилик корхоналарига имтиёзли кредитлар ажратилиб, 2021 йил 1 ноябрга қадар импорт қилинаётган озуқа компонентлари, асбоб-ускуналар ва жиҳозлар божхона тўловларидан озод этилди, – дейди “Водий наслли парранда” хусусий корхонаси тасарруфида ташкил этилган паррандачилик кластери раҳбари Боҳиржон Турдалиев. – Вилоят ва Бешариқ туман ҳокимлиги кўмагида озуқа базаси яратиш учун 524 гектар ер ажратилди. Бу давлатимиз раҳбари томонидан импортни камайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш бўйича паррандачилик кластерлари олдига қўйилаётган устувор вазифалар ижросини таъминлаш имконини беради.

Таъкидлаш жоизки, ҳозирда корхонада жўжа ва парранда боқиш, тухум жойлаштириш учун картон қутилар тайёрлаш каби 9 та цех фаолият кўрсатмоқда. Шу кунларда кластер тизими асосида ойига 100 минг бош жўжа очиришга мўлжалланган инкубация цехи ҳамда битта замонавий товуқ сўйиш цехини қуриш режалаштириляпти. Ҳозирда бу ерда 70 та иш ўрни яратилган бўлиб, ойига 2,5-3 миллион дона тухум Фарғона водийси ва Тошкент бозорларига етказиб бериляпти. Кейинги йилларда корхона тухумлари Афғонистонга муваффақиятли экспорт қилинмоқда. Корхона менежери Мирҳаёт Илҳомов саъй-ҳаракатлари билан ҳозирда корхона маҳсулотлари географиясини қўшни республикалар, Осиё давлатлари ҳисобига кенгайтириш бўйича бизнес-режа ишлаб чиқиляпти.

Кластер тизимига ўтилгач, халқаро сифат кафолатини таъминлаш, жаҳон бозорида корхона брендини яратиш мақсадида Голландиядан маркировка жиҳозлари олиб келинди. 2019 йилда 50 дан ортиқ ва 2020 йилда 100 га яқин янги иш ўринлари яратиш эвазига сўйиш ва гўшт цехлари қуриш, қадоқлаш линияси, музлатгичли омборхоналар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган. 2 миллиард сўмлик янги техника воситалари сотиб олинади ҳамда корхона тўлиқ тухум ва гўшт етиштириш тармоқлари бўйича ихтисослашади.

Кластернинг энг муҳим жиҳати, озуқа базаси илгари асосан сотиб олинган бўлса, бундан буён фақат ўзимиз етиштирамиз, – дея суҳбатимизни давом эттиради корхона бош ҳисобчиси Ҳасанбой Рабиев. – Бу йил буғдой, макка донидан ташқари соя, тариқ экиш бўйича тажриба-синов йили бўлади. Экин турлари ҳосили салмоғи ва сифатига қараб, озуқа базаси яратилади. Шу мақсадда ажратилган экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари олиб бориляпти. Тошкент трактор заводидан 4 та техника сотиб олиш учун келишув ишлари амалга оширилмоқда. Инкубатория капитал реконструкция қилиниб, жорий йилнинг апрель ойидан корхона эҳтиёжи, аҳоли хонадонлари, корхона-ташкилотларга буюртма асосида жўжа етштириб бериш ишларига киришилади. Айни жараёнда товуқ гўнгини қайта ишлаш орқали қишлоқ хўжалиги учун маҳаллий ўғитлар тайёрлаб бериш ҳам режалаштирилмоқда.

Паррандачилик тармоғида жуда катта салоҳият ва илмий-амалий тажрибага эга корхона мутахассислари томонидан соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлганлар учун маҳорат дарслари ҳам ташкил этилаётгани эътиборга сазовордир.