Фарғонада экотуризм ривожланиш палласида

Буюк Британиянинг “The Guardian” газетаси  Ўзбекистонни 2019 йилда саёҳатчилар учун тавсия қилинадиган 40 та йўналишдан иборат  рўйхатга киритди.

Асрлар давомида  тарихий ва маданий ўтмиши, буюк аждодлари, миллий бойлиги ва ноёб табиати билан  қалбларга сурур бахш этиб келаётган диёримизнинг  жаҳон туризм марказларидан бирига айланиши ва унда ўз ўрнига эга бўлган Фарғона вилоятининг ноёб дурдоналар маскани сифатида жозибадорлигини оширишда бу улкан аҳамиятга эгадир. Мухбиримиз Ўзбекистон  Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг  вилоят ҳудудий бошқармаси бошқарувчиси  Музаффар Темиров билан шу ҳақда суҳбатлашди.

Шубҳасиз, бу ютуқ мамлакатимизнинг туристик салоҳиятига берилган юксак баҳо ва ишончни ифодалайди.  “Ажойиб меъморчилиги ва Буюк ипак йўли мероси билан кишини  ҳайратга соладиган ушбу диёрнинг  машҳур меҳмондўстлигини ҳис этишга интилаётган туристлар учун шароитлар тобора яхшиланяпти”, дейилади  нашрда. Дарҳақиқат, йилдан йилга мамлакатимизнинг жумладан, вилоятимизнинг туризм салоҳияти юксалиб бормоқда. 2018 йилда ҳам соҳа ривожида ижобий қадамлар ташланди. 803,2 минг нафар шундан 61,2  минг нафар хорижий, 742 минг нафар  маҳаллий саёҳлар  учун барча шароитлар яратилиб, турли йўналишларда хизмат кўсатилди. Германия, Франция,  Россия,  Италия,  Буюк Британия,  Япония сингари  давлатлардан ташриф буюрувчилар ҳар йилгидан кўпроқ бўлиб, сайёҳлар кўлами ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3 баробарга ошган.

Тарихий, маданий ва зиёрат,  агротуризм, соғломлаштириш, гастрономик сингари 8 та туристик йўналишлар ишлаб чиқилиб,  вилоятдаги 22 та туроператорлик  фирмалари билан ҳамкорликда саёҳатлар ташкил этиляпти.

Бутунжаҳон туризм ташкилотининг баҳолашига кўра, халқаро сайёҳларнинг  40-60 фоизини табиат ажойиботлари объектларини кўришни истаган  экотуристлар ташкил қилади.  Экзотик табиий ҳудудларга саёҳат,  йирик қўриқхоналар ва боғлар ҳудудида  ташкил этилган табиатшунослик туризми жуда қизиқарли йўналиш саналади. Вилоятимизнинг энг ҳушманзара ва сўлим гўшалари, Шоҳимардон ҳудудидаги, Ёзёвон туманидаги “Табиат ҳавзаси”, Бувайда туманидаги “Бастом бува” қумлик барханлари, Аввал қишлоғида жойлашган “Етти булоқ” ва Водил қишлоғидаги “Чинор таги” истироҳат боғлари, Учкўприк туманидаги “Меҳригиё”, шунингдек, сув омборлари, булоқ боши ҳудудлари, ғорлар, Қўқон давлат ўрмон хўжалиги экотуризм маршурути сифатида янада сайқал топмоқда. Келгусида Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ва Шоҳимардон қишлоғи ҳудудларида янги масканлар қад ростлаб, меҳмонларнинг севимли масканига айланади. Бу жойда туризм мақсадларида фойдаланиш  имконияти мавжуд бўлган бўш турган бино ва иншоотлар  тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳозирда объектлар негизида кемпинг, меҳмонхонлар ва туризм инфратузилма объектлари  ташкил этиш мақсадида  маҳаллий ва хорижий инвесторларга белгиланган тартибда “E-аукцион” орқали ҳамда шартнома асосида фойдаланиши йўлга қўйилмоқда.  Мазкур масканда экомеҳнохоналар, соғломлаштириш ва дам олиш комплекслари  ҳамда кўнгилочар масканларни  ўз ичига олувчи экзотик гуллар боғини барпо этиш режалаштирилмоқда.

Учкўприк туманидаги 77 гектар ер майдонидан иборат “Сариқўрғон”  эркин туристик зонасини ташкил этиш юзасидан  Сариқўрғон ҳудудидаги дам олиш масканларини қайта таъмирлаш орқали шарт-шароитлар яратилмоқда. Масканда ўзбек ва қирғиз халқлари ўзаро тотувликда  яшайдилар. Дўстлик ва биродарлик ифодаси бўлган қирғиз халқ сайилларидан  “Қимиз сайиллари” ўтказилиши кўзда тутилган бўлиб,  турли миллат вакиллари маданияти уйғунлик касб этади.

Шунингдек   2018 йил давомида 10 та жойлаштириш воситалари ишга туширилиб, қўшимча 167 та хона ва 358 ўринлар яратилди. Хусусан,  Марғилон шаҳридаги  “Turkiston obod kelajagi” ОКга қарашли  32 ўринли “Atlas”,  Қўқон шаҳридаги  71 ўринли “Silk road Kokand”, 30 ўринли “Аср”, 70 ўринли “Asmald hotel” меҳмонхоналари сайёҳларга сифатли  хизмат кўрсатиб келаётир.

Туристларга  хизмат кўрсатувчи 10 та ресторанлар ва умумовқатланиш  объектлари қурилди.  Фарғона халқаро аэопорти, Марғилон ва Қўқон темир йўл вокзали,  Аҳмад ал-Фарғоний истироҳат боғи, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарлариниинг туристлар гавжум  31 та ҳудудларида   “Wi-Fi” зоналар ташкил этилди. Аэропорт, темир йўл вокзаллари ва “Қумтепа” бозори ҳудудида туристик ахборот марказлари фаолиятини бошлади. Хизматлар сифати ва кўламини кенгайтириш мақсадида велосипед ва сигвейларни ижарага бериш, сайёҳлар учун махсус сим карталар сотиш, туристик буклет, флаер ва китобчаларни ишлаб чиқиш ва тарқатиш хизматлари йўлга қўйилди.

Барча сайёҳлар ташриф буюрадиган объектлар, умумий овқатланиш  ҳамда аҳоли гавжум жойлар, бозорлар, шоҳбекатлардаги  жами 45 та санитария гигиена шохобчалари  таъмирланди ва 14 таси янгидан қурилди.

–   Юртбошимизнинг жорий йил 5 январида “Ўзбекистон  Республикасида  туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Туризм тармоғини жадал  ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори имзоланди. Икки  муҳим ҳужжат туризм ривожида янги вазифаларни белгилайди, янада самарали фолият юритишни талаб этади.  Вилоятимизда бу борада қандай  ишлар олиб борилади?

–  Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида туризмни янада ривожлантиришга алоҳида тўхталиб, мамлакатимизнинг бетакрор табиати, миллий қўриқхоналар, тоғли ҳудудларда соҳа истиқболи учун катта салоҳият мавжудлиги, 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш миллий Концепциясини амалга оширишни таъкидлаган эдилар. Мазкур  Фармон ва қарор ушбу вазифалардан келиб чиқиб, мақбул ва қулай туризм муҳитини яратиш, Концепцияни амалга оширишга  мўлжалланган  чора-тадбирлар режасини белгилайди. Жумладан, зиёрат туризми йўналиши орқали туристлар оқимини ошириш,  сайёҳларнинг траспорт ташувини янада ривожлантириш, давр талабидаги, замонавий меҳмонхоналар қуриш, маданият объектлари ва муассасаларда замонавий ахборот технологияларини татбиқ этишни кўзда тутади.

Жорий йил давомида  вилоятга ташриф буюрувчи умумий сайёҳлар сонини  1,0 млн.  шундан ҳорижий сайёҳларни 100 минг нафарга  етказиш мўлжалланган.  Қолаверса, туризм салоҳияти ва инфратузилмасини  янада ривожлантириш  мақсадида  ташаббускорлар маблағлари, банк кредитлари, хорижий инвестицяларни  ўзлаштириш ҳисобига  58 та лойиҳаларни  амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, 48 та  меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш, транспорт инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 8 та автобус, микроавтобусларни ҳарид қилиш, 6 та санитар гигиена шоҳобчаларини барпо этиш ниятидамиз. Шу билан бирга, таржимонлар, меҳмонхона, ресторан ходимлари ва сайёҳларга хизмат кўрсатувчи бошқа ходимларни муназам равишда малакаси ошириб борилади. Ноёб маданиятимиз ва меҳмондўстлик намунаси бўлган Қўқон шаҳрида “Халқаро ҳунармандчилик”, Марғилон шаҳрида  “Марказий Осиё халқлари анъанавий матолари халқаро анжумани”, “Минг йиллик ҳунарлар сирлари” фестиваллари, Риштон туманида “Грин сити” экофестивал ҳамда мақом, аския кечалари ўтказилади.

Вилоятдаги туристик оқимнинг сезиларли даражада кўпайиши ҳисобга олиниб,  2019 йилда  30 дан ортиқ янги меҳмонхона хизматини ташкил этувчи ташаббускорлар аниқланди.  2018 йилнинг 19-21 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган туризм соҳасидаги биринчи халқаро инвестицион  форумида  вилоят ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган  40 дан ортиқ лойиҳалар хорижий ва маҳаллий инвесторларга тақдим қилинган эди.

Мазкур тадбир кунлари  хорижий давлатлар билан умумий суммаси  4.7 млн. АҚШ доллари миқдорида Туркия ва Исроил билан битим келишуви имзоланди. Шу билан бирга, 10 дан ортиқ  ҳорижий ва маҳаллий  инвесторлар билан  музокаралар ўтказилди.

Вилоят бўйича умумий қиймати 26,2 млн. АҚШ долларлик  22 та инвестиция  лойиҳалари шакллантирилган бўлиб,  ҳозирги кунда уларнинг  10 тасида қурилиш олиб борилмоқда.  Йил якунига қадар мазкур инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши ҳисобидан  22 та меҳмонхоналарда   2400 та  ўрин яратилиб,  600 нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

Ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда  вилоятимиз барча ҳудудларининг туристик имкониятларидан келиб чиқиб, янги йўналишлар яратилиши, янги андозадаги бино ва иншоотларнинг барпо этилиши соҳа жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.