Ҳарбий қасамёд – мард ўғлон лафзи

Ватанга сидқидилдан хизмат қилмоқ ўғлонлар учун юксак шараф, улуғ мақсадга айланди. Миллий армиямизни профессионал асосда шакллантириш бўйича қилинган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли ёшларимизда ҳарбий хизматга бўлган интилиш тобора юксалиб бормоқда.

Вилоятимизда ўз хизмат бурчини ўтаётган йигитлар юз-кўзидан ҳам ана шундай мамнунлик ва фахр туйғуларини илғаб олиш қийин эмас. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига қарашли қисмлардан бирида бўлиб ўтган ҳарбий қасамёд тадбирида шулар ҳақида сўз юритилди.

Тантанали тадбирга вилоятимизнинг турли ҳудудларидан ота-оналар ва меҳмонлар ташриф буюрдилар. Жанговар техникалар, аскарларнинг яшаш шароитларини акс эттирган кўргазмалар барчада қизиқиш уйғотди.

Тадбирда сўзга чиққан ҳарбий қисм командири Билолиддин Ўринбоев миллий армиямизни модернизация қилиш, унинг салоҳияти ва жанговар тайёргарлигини мустаҳкамлаш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаётгани, Қуролли Кучларимиз қисмларининг сафарбарликка доимий равишда тайёрлиги ва ҳаракатчанлиги ошаётганини эътироф этди.

Ҳарбий оркестр оҳанглари остида майдонга Давлат байроғи олиб кирилди. Муддатли ҳарбий хизматчилар она-юртимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинчлигини ҳимоя қилишга, мустақилликни мустаҳкамлашга, сарҳадларимизни кўз қорачиғидек асрашга тантанали қасамёд қилдилар. Бу лаҳзаларни кузатиб турган ота-оналар уларни ифтихор билан олқишладилар.

– Набирам Бегзод Абдуллаевни ҳарбий либосда кўриб очиғи, қувончдан йиғлаб юбордим. Замонавий шарт-шароитларда хизмат қилаётган йигитларнинг қалбидан ватанпарварлик, шу юртнинг асл фарзанди бўлишдек улуғ фазилатлар мустаҳкам ўрин олгани биз оналар учун юксак фахр, – дейди Қува туманилик Башоратхон Собирова.

– Қиргули электротехника касб-ҳунар коллежини тамомлаганман. Ўз муқаддас бурчимни ўтаётганим ҳаётимдаги энг бахтли кунларимдан бири бўлиб қолади. Чунки ҳарбий бўлиш улкан мақсадларимдан бири эди, – дейди оддий аскар Исломбек Раҳмонов.

Тантанали тадбир якунида концерт дастури намойиш этилди.