Хушёрлик — фалокатнинг олдини олади

Бағдод тумани Ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси шахсий таркиби томонидан аҳоли ўртасида куз-қиш мавсумида ёнғинга қарши кураш, газ ва электр жиҳозларидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, мавжуд қоидаларга қатъий амал қилиш, шунингдек ис газидан эҳтиёт бўлишга бағишланган учрашув ва давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

-Куз-қиш мавсумида фуқаролар ўз яшаш уйларини турли йўллар билан иситишга ҳаракат қилишади. — деди туман ёнғин хавфсизлиги бўлинмаси инспектори, сержант Муҳиддин Турсунов. – Лекин оддий хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик аянчли ҳолатларга олиб келиши мумкин. Дарҳақиқат, турмушда фойдаланиб келинаётган ёқилғи маҳсулотлари ичида табиий газ (метан, пропан) сизиб чиқиши ва ҳаво билан аралашма ҳосил қилиб, портлашга мойиллиги билан ажралиб туради.

Куз-қиш ойларида вилоятимизнинг айрим ҳудудларида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва жамоатчилик томонидан олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамай, сўнгги бир неча ой давомида ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўп қайд этилди. Бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишларини бир зум бўлсин бўшаштирмаслик ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир.