Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларининг қирқ иккинчи қўшма сессияси

Шу йилнинг 26 февраль куни вилоят Тадбиркорлар марказида халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашларининг қирқ иккинчи қўшма сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари депутатлари, шаҳар, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари, 4 та сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари бошлиқлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

Қўшма сессияни вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев олиб борди.

Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан вилоят ҳокимининг 2019 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларини парваришлаш (минерал ўғитлар билан озиқлантириш, шарбат усулида суғориш, бегона ўлар, касалликлар ва ҳашоратларга қаши курашиш) ишларини тизимли ташкил қилиш ҳамда ҳосилдорликни кескин оширишда 4 та сектор раҳбарларининг шахсий жавобгарлиги тўғрисида маърузаси тингланди.

Бугунги кунда ғаллачиликда давлатимиз раҳбари томонидан яратиб берилган тизим асосида олиб борилаётган ишлар натижасида барча фермер хўжаликлари меҳнатига яраша моддий манфаатдорликка эришмоқда. Бу борада ҳар бир фермер ҳўжалиги раҳбари ғалла мустақиллигининг халқимиз ҳаёти ҳамда давлатимизнинг ривожланишида қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканлигини яхши тушунади.

Айниқса, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликларининг озуқа билан таъминлаш муаммосини ижобий ҳал этилиши билан бирга, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари ошишида ва бозорларимизда нарх-наво барқарорлигини таъминлашда жуда муҳим роль ўйнайди.

– Аммо берилаётган имкониятларга қарамасдан, бугунги кунда ғалла парваришида олиб борилаётган ишларни етарли даражада деб бўлмайди, ҳали ҳам бепарволик ва хотиржамлик кайфиятида юрган кўплаб сектор раҳбарлари ва фермер хўжаликлари мавжуд, – деди вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев. – Шу боис барча раҳбарлар ўз ишида кескин бурилиш қилмаса, йўл қўйган хато ва камчиликларидан чуқур хулоса чиқармаса, халқимиз ва давлатимизга ҳиёнат қилган бўлади. Вилоятда жорий йил ҳосили учун парвариш қилинаётган 107,7 минг гектар бошоқли дон майдонларининг ҳар гектаридан ўртача 52,1 центнердан жами 561120 тонна бошоқли дон ишлаб чиқариш ва шундан шартнома асосида 307850 тонна дон сотиш режалари аниқ белгилаб олинган.

“Ғалла, бу – азиз” ҳикматига қатъий амал қилиб, вилоятда ғалла ҳосилдорлигини 30 фоизга кўпайтириш бўйича янги интенсив тизимни кенг қўллаган ҳолда, уни виждонан бажаришда самарали иш ташкил этиш талаб қилинади. Ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да ҳам бу борадаги бажарилиши лозим бўлган аниқ ва тизимли вазифалар ўрин олган. Юқори ҳосилдорликка эришишда қатор туманлар, айниқса, Сўх туманида намунали ишлар ташкил этиш мақсадида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.

2019 йилда ғалла ҳосилдорлигини ошириш, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш, нон ишлаб чиқарувчи корхоналар учун узлуксиз таъминотни таъминлаш ҳамда  Президентимиз раислигида шу йилнинг 25 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари қўшма сессияси қарори қабул қилинди.

Қўшма сессияда фуқаролар  йиғинлари  раислари  (оқсоқоллари)  сайловига тайёргарлик  кўриш  ва  уни  ўтказиш ҳамда сайловни ташкил этишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси таркибини тузиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидландики, сайловда муносиб номзодларни танлашда ҳудудлардаги жиноятчилик, ажримларнинг олдини олиш, бандликни таъминлаш, томорқаларни ривожлантириш мезонларига амал қилинса, мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, маҳалла раиси ёки оқсоқолининг элпарвар, халқпарвар, бугунги кун сиёсатидан тўла хабардор бўлиши муҳим аҳамиятга эга.

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси таркиби ўқиб эшиттирилди. Мазкур комиссиянинг асосий вазифалари ҳақида айтиб ўтилди.

­­­-Ҳозирги кунда вилоятимизда жами 1031 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мавжуд бўлиб, ушбу маҳаллаларнинг йиғини раиси (оқсоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи гуруҳ аъзолари сайлов қонунчилигини яхши билишлари ва уни амалиётда бажарилишини таъминлашлари зарур, ­­­­­­- деди вилоят раҳбари Ш.Ғаниев. ­–Эндиликда уч йилга сайланадиган маҳалла раислари ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш билан бирга, маҳалладаги ҳар бир оила, ҳар бир инсон тақдири учун масъулиятни зиммасига олишга қодир фидойилар бўлиши, маҳалла аҳлининг фикр-ўйлари, мақсад-муддаоларини иш фаолияти орқали ифода этиши талаб қилинади.

Кун тартибидаги юқоридаги масала юзасидан сенатор Энахон Сиддиқова сўзга чиқиб, сайлов борасидаги ўзгаришлар, янгиликларни халқимизга тўғри тушунтириб бориш лозимлигини қайд этиб ўтди.

Бу масала бўйича қарор лойиҳаси депутатлар эътиборига ҳавола қилинди.

Шунингдек, сессияда Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги 3182-сонли ва жорий йил 8 январдаги 4102-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юзасидан вилоят сектор раҳбарларининг ҳисоботларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Сессияда ташкилий масала кўрилиб, Қосимов Файзуллажон Саъдуллаевични Фарғона вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари этиб тайинлаш ҳақидаги Фарғона вилояти ҳокимининг 2019 йил 19 февралдаги қарори депутатлар томонидан тасдиқланди.