Илмни ким воситайи жоҳ этар…

Айни пайтда илм олиш ва унинг мажбурияти ҳақида сўз юритиб бошингизни қотирмоқчи эмасмиз. Биздан олдин ҳам илм олишнинг фарзлиги муқаддас китобларда, тараққиётнинг омили эканлиги дунё илм-фанида кўп ва хўб ёзилган.

Таҳририятга бир неча йилдан буён олий таълим даргоҳида ўқитувчилик қилаётган аёл келди. Салом-аликдан сўнг гап унинг илмий изланишларига тақалди.

Илмий раҳбаримга ташийвериб зерикдим. Байрамларда, тўйларда совға-саломлар. Ошхоналарга кирсак тушлик пулини ҳар доим мен тўлайман. Ёзганларимни у ер-бу ерига қалам теккизган бўлади, қўлимга қайтаради. Очиғи, бу ёғига ҳамён кўтармай қолди. Қизимни узатишим, ўғлимни уйлашим керак. Мен ҳам олимга аччиқ қилиб илмий ишимни сотиб юбордим. Энди китобимни чиқармоқчиман. Шеърларим билан танишиб чиқсангиз деган илтимос билан келгандим,- деди.

Шеър бизнеси юришармикин, ишқилиб,- дедим мен ҳам истеҳзо билан.

Шеър кўнгил мулки дейишади. Эпини қилганлар даромад манбаига айлантиришяпти. Бу майдонда энди ўзимни синаб кўрмоқчиман.

Оппоқ қоғозларга қораланган сатрларга кўз югуртираман. Бевафо ёрга дийди-ё, номардлардан ҳасрат, тушкунликка қасидалар. Кўнгил торларингни чертиб юборадиган, ҳаётни, бутун оламни севдирадиган, ҳақиқатга тик қарата оладиган сатрлар умуман йўқ. Ҳамма ўз ишини қилсачи, демоқчи бўламан-у андиша йўл бермайди.

Бундан ўттиз йиллар аввал бўлиб ўтган воқеалар ёдга тушди. Диплом ишим мавзуси “Абдулла Қодирий фелъетонларининг тил хусусиятлари” эди. Ҳар куни пойтахтимиздаги  Алишер Навоий номли кутубхонага йўл оламан. Қодирийнинг 1920 йилларда ёзилган фельетонлари ёд бўлиб кетган. Архивда сақланаётган газеталарни варақлагунча оқшом тушиб кетарди. Кутубхонадан   сабоқдошларим билан чиқиб ётоқхонага бирга йўл олардик. Сабоқдошларим орасида китобдан бошини кўтармайдиган келин бўларди.  Кутубхонага кириши билан аксиришни бошларди. Ҳаммамиз бир бўлиб уни кутубхонадан чиқаролмаганмиз. У китобга бошқоронғи бўлибман, деб бизни ишонтирган.  Ҳозир унинг фарзандлари юрт шаънини кўтарадиган йигитлар бўлиб етишибди.

Устозлар меҳнати қанчалар ҳалол бўлса, шогирдларнинг олган сабоғи ўзларида ва зурёдларида ҳам  ҳалолликка хизмат қиларкан. Буни  орадан чорак асрдан зиёд вақт ўтиб  ҳаётим давомида, сабоқдошларим, ҳамкасбларим фаолиятида кўриб,  англаб турибман.

Таниқли тиббиёт олималаридан бири билан тез-тез суҳбатлашиб турамиз. Кўп қаватли “дом” лардан бирида икки хонали шинамгина уйда яшайди. Уйига кирсангиз гўё ҳалолликнинг ҳиди келади. Умри давомида данғиллама уйлар қуришга, мол-дунё йиғишга ошиқмади. Ҳозирда ҳам Москва, Санкт-Петербургдаги тиббиёт олийгоҳлари, клиникаларидаги шогирдларидан тиббиётга оид журналлар жўнатмаларини олиб туради:

Бундан бир неча йил аввал бош врач акушер-гинеколог ҳамкасбим билан тортишиб қолганмиз. У касалларни пулсиз қабул қилмасди. Унинг қабулига  бир беморимни юборсам текшириб кўришни истамабди. Гапим қанчалик аччиқ бўлмасин, ўшанда ҳақиқатни айтиб олганман. Ўша йиллари оналар ва болалар ўлими кўпайиб кетгани ҳақидаги маълумотлар яширилган, қоғозлар қатида қолган.

“Муштум” журналининг ўтган йилги сонларидан бирида биринчи саҳифада шундай карикатурага кўзим тушди. Суратда кўзи ёрийдиган аёллар врач қабулига навбатда туришибди. Ҳамшира баъзи аёлларни операция хонасига яъни кесарча усул амалга ошириладиган хонага киритяпти. Бир ҳомиладор аёл бош тортяпти: “Йўқ, бўрилар бор хонага кирмайман, ахир иккита боламни осонгина операциясиз туққанман”.

Ҳолбуки кесарча усул ўта хавфли касалликда ёки беморнинг ҳаёти хавф остида қолган пайтларда қўлланилади. Бугунги кунда замонавий тиббиёт талаблари имкон борича аёлнинг кесарча усулисиз фарзандини дунёга келтиришни тақозо этмоқда. Мўмай даромад илинжида хавфсиз ҳолатда ҳам жарроҳлик амалиётини ўтказишни таклиф қилаётган шифокорни эндиликда виждони билан ҳисоблашиш вақти келмадимикин?! Зеро, замонавий тиббиёт билан халқ табобатини уйғунлаштириш жараёнида имкон борича тиғсиз жарроҳлик амалиётини қўллаш тажрибаси оммалашаётган бир пайтда  айрим шифокорлар фаолиятларига чуқурроқ назар солсалар яхши бўларди.

Суҳбатдошимнинг фикрларини диққат билан тингларканман, буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳазратларининг сатрлари ёдга тушади:

       Илмни ким воситаи жоҳ этар,

       Ўзинию халқини гумроҳ этар.

Яъни илмни ким бойлик орттиришу амалга эришиш воситаси қилиб олса у ўзини ҳам, халқини ҳам тўғри йўлдан адаштиради.

Динимизда амаллар ниятларга боғлиқ дейилади. Бинобарин, илмда ҳам, истеъдодда ҳам шундай. Агар илм ва истеъдод эгалари энг аввало тафаккурини жамият ривожи, умумманфаат йўлида сарфлашни, инсонлар корига ярашни ният қилсалар бас, Ҳақ ҳам, халқ ҳам уларни мукофотсиз қолдирмайди…