ФарПИ ўқитувчиси – танлов ғолиби

Танловнинг 2018 йилги республика босқичида мамлакатимиздаги 60 та олий таълим муассасаларидан 25 та таълим соҳаси бўйича 400 нафарга яқин профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Ташкилий қўмита томонидан “Мутахассислиги бўйича энг яхши педагог”, “Энг яхши педагог-тадқиқотчи”, “Инновацион ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланди.

Қувонарлиси, танловда муваффақиятли қатнашган Фарғона политехника институтининг Технологик машиналар ва жиҳозлар кафедраси катта ўқитувчиси Бойқўзи Хурсанов “Мутахассислиги бўйича энг яхши педагог” номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилди.

Бойқўзи Хурсанов касб-ҳунар коллежлари, институт талабалари учун “Машиналар яратишнинг техник асослари”, “Ишлаб чиқаришдаги технологик комплекслар”, “Асосий технологик жараёнлар ва қурилмалар” сингари ўнлаб дарсликлар, ўқув-услубий мажмуалар яратишга муваффақ бўлди. Айни пайтда у техника фанлари доктори, профессор Б. Алиматов раҳбарлигида “Алоқа вақти узайтирилган барботажли экстракторда гидродинамика ва масса алмашинув жараёнларини тадқиқ қилиш” мавзуидаги илмий-тадқиқот ишларини давом эттириб, 30 дан ортиқ мақола, тезис ва маърузалар билан республика ва халқаро илмий-амалий анжуманларда иштирок этди. У бугунгача 1 та Ўзбекистон Республикаси ва 1 та халқаро патент муаллифи саналади.

Институтнинг катта ўқитувчиси Бойқўзи Хурсанов бахтли оила соҳиби ҳам бўлиб, тўнғич фарзанди Шаҳлозахон Каримова Фарғона давлат университетининг инглиз тили ва адабиёти кафедраси ўқитувчиси, Динорахон Жўрақўзиева ФарДУ магистратурасини аъло баҳоларга битирди. Ўғли Дадажон Жўрақўзиев Жанубий Кореянинг GYEONGSANG университетида грант асосида таълим олмоқда.

Бугунги кунда таълим тизимининг барча бўғинларида замонавий мезонлар асосида ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилаётгани эътиборга сазовордир,-дейди Б. Хурсанов. – Мустақил фикрлайдиган, интеллектуал ва маънавий салоҳияти юксак ёшларни тарбиялашда бу муҳим аҳамиятга эга. Бундан буён ҳам баркамол авлод орзуси йўлида бор куч ва билимимизни сафарбар этаверамиз.

Расулжон ТОЖИЕВ,

Фарғона политехника институти профессори, кафедра мудири.