Халқимизнинг энг эзгу фазилати

Биз меҳр-мурувватга муҳтож бўлганларни беғараз қўллаб-қувватлаш учун ҳамиша “лаббай!” дея хизматда камарбаста бўладиган элнинг фарзандларимиз. Беморларни йўқлаш, йиқилганни суяш, ночорларга ёрдам қўлини чўзиш халқимизнинг энг эзгу фазилатлари сирасига киради.

Ёзёвон туманининг Навбаҳор МФЙ, Навбаҳор кўчаси, 146-уйида яшовчи I-гуруҳ ногирони, 83 ёшли Абдуфаттоҳ Собиров кўп йиллар мобайнида тақдирнинг машаққатли синовларидан қалби озор чекиб яшагани асло муболаға эмас. Боиси узоқ йиллардан буён ногиронлар аравачасига михланган, кўзларининг нури сўнган отахон алоҳида парваришга муҳтож бўлса-да, бир хонали каталакдек уйда ўғли, келини ва набираси билан диққинафас бўлиб яшаб келаётган эди.

Бундан хабар топган “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоров ташаббуси билан атиги бир ой ичида бу оиланинг турмуш шароити бутунлай яхшиланди. Ёзёвон туман ҳокимлиги, фермер хўжаликлари ва кенг жамоатчилик кўмагида оила аъзолари учун икки хонали шинам уй, кенг дарвозахона қуриб битказилди. Уйнинг ташқи кўриниши, кўча ва ариқлар замонавий кўринишга келтирилди.

Ҳомийлар ёрдамида тиббий жиҳозлар ва дори-дармонлар, замонавий уй-рўзғор буюмлари, маиший техникалар билан таъминланди. Қаровсиз ва фойдаланилмай ётадиган томорқада маҳалладошлар ҳашар уюштириб, мевали дарахтлар, картошка экилди.

Ҳозир 48 ёшдаман. Аммо кун бўйи отамнинг олдида ўтириб, парвариш қилишга мажбур бўлганим сабабли бирор жойда ишлаш, томорқа юмушларини бажариш учун ҳеч қандай имконим бўлмаган,-дейди Абдубанноб Собиров. – Турмуш ўртоғим шунчаки ёлланма ишчи сифатида кундалик юмушларни бажариб келган, холос. Беш ёшли қизим, турмуш ўртоғим, барчамизнинг тирикчилигимиз ногирон отамнинг нафақасига қараб қолган эди. Бундан буён оиламизнинг моддий шароитини яна қийин аҳволга тушириб қўймаслик учун астойдил ҳаракат қиламан. Туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари, маҳалладошлар ҳар қандай ёрдамга тайёр эканликларидан мамнунман.

Шу йилнинг 16 февраль куни мазкур хонадонда ўзбекона удумга кўра ош дамланиб, янги уй тўйи баҳона бир пиёла чой устида самимий суҳбат ташкил этилди.

Бугун мамлакатимиздаги ҳеч бир оила муҳтарам Президентимиз, давлатимизнинг меҳр ва эътиборидан четда эмас,-деди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Т. Холдоров. – Халқимизнинг бундай қадриабад қадриятларига кўра яна бир оиланинг кўп йиллик қайғу-изтиробларига барҳам берилди. Оила бахти тўкис бўлиши учун Абдубанноб баъзи иллатларидан қутилиб, ота дуосини олиш билан бирга меҳнат қилишни ҳам ўрганиши керак. Шу боис назорат қилиш учун эмас, амалий йўл-йўриқ ва маслаҳатлар бериб бориш учун маҳалла оқсоқоллари ҳамда намунали оилалар уларга ҳамиша эътиборли бўлишлари зарур. Беш ёшли қизалоғимиз аъло баҳоларга ўқиб олима бўлсин, бу оиланинг яхши кунларида меҳмон бўлишни ният қилиб қоламиз.

Янги уйнинг тантанали топширилишига бағишланган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Жалолдин Таштемиров қатнашиб, оила аъзоларига энг эзгу тилакларини изҳор этди.

Файзли хонадонга йиғилганлар юртимизда тинчлик-фаровонлик, халқимизнинг эзгу мақсадлар йўлидаги аҳил-иноқлиги бардавом бўлишини ният қилган ҳолда дуога қўл очдилар.