Кучлилар Фарғонада сараланди

Шу йилнинг 17 февраль куни Фарғона шаҳрида жойлашган “Али” бокс клубида профессионал бокс бўйича навбатдаги рейтинг жанглари ўтказилди.

Дастлаб етти карра Ўзбекистон чемпиони, 2003 йилги жаҳон чемпиони ва Олимпиада ўйинлари қатнашчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи Шерзод Ҳусанов рингга кўтарилди. Унга уч маротаба Қирғизистон чемпиони, жаҳон ва қитъа чемпионати қатнашчиси, спорт устаси Муҳаммадюсуф Акбаров рақиб бўлди. Муросасиз жангда ҳамюртимиз Шерзод Ҳусанов 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

“Али” профессионал бокс клуби тарбияланувчилари Рўзимуҳаммад Норматов ва Аҳлиддин Жўрабоевлар баҳсида рақибини техник нокаутга учратган Аҳлиддин мусобақа ғолиби сифатида шоҳсупага кўтарилди. “Али” бокс клуби тарбияланувчилари бўлган қизлар беллашувида Раҳима Иброҳимова ғолиб бўлиб, ўз ҳисобига навбатдаги рейтинг очколарини ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.

Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирок этди. Ғолибларга вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди.