Фидойи ходимлар рағбатга муносиб

Шарқий ҳарбий округ маънавият ва маърифат марказида “Ички ишлар органларининг намунали милиция таянч пункти” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Тадбир аввалида меҳмонлар ёш тадбиркор ва ҳунармандларнинг маҳсулотлари, бадиий буюмлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинларида олиб борилаётган профилактик тадбирлар акс этган кўргазмалар билан яқиндан танишдилар.

Тантанали анжуманда сўзга чиққан вилоят ҳокими ўринбосари Жалолдин Таштемиров, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари, подполковник Шуҳрат Мўминовлар мамлакатимизда ички ишлар тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, соҳа ривожи йўлидаги чора-тадбирлар элимиз осойишталигини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутаётганини, бунда профилактика инспекторларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини эътироф этдилар.

Милиция таянч пунктлари ва профилактика инспекторларининг турли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда фаолият юритиши ҳудудларда тинчлик ва осойишталикни, жамоат хавфсизлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур кўрик-танлов ҳам бу борада юқори натижаларга эришаётган милиция таянч пунктларини аниқлаш, уларнинг иш тажрибасини кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, Қўқон шаҳридаги “Обод” МФЙга хизмат кўрсатувчи 7/2-49-сонли милиция таянч пункти инспектори Азимжон Йўлдошев 1-ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Кўрик-танловда 2-ўринни Фарғона туманидаги “Миндонобод” МФЙда жойлашган 7/11-7-сонли милиция таянч пункти инспектори Лочинбек Қўчқоров, 3-ўринни Ўзбекистон туманидаги “Шакаробод” МФЙда жойлашган 7/10-21-сонли милиция таянч пункти инспектори Абдуҳалил Хўжамбердиев эгаллади. Ғолибларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Бугунги танловда туманимиз хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Афғон” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассиси ҳам совриндорлар сафидан жой эгаллагани биз учун ёдда қоларлидир,  – дейди Ўзбекистон туманидаги “Шакаробод” МФЙ инспектори Абдуҳалил Хўжамбердиев. – Маҳалла фаоллари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик яхши самара бераётир. Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. Олиб борилаётган профилактика тадбирлари самараси туфайли ҳудудда жиноятчилик кескин қисқарди. Ҳамкорлик натижасида ажримлар, вояга етмаганлар ўртасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари камайишига эришилмоқда.

Совриндорларни Ўзбекистон халқ шоири, Олий Мажлис Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова табриклади.

Шу кунги тадбирда бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар номи аниқланди. “Энг фидойи сектор раҳбари”, “Ички ишлар органлари бошлиқларининг энг фаол ёшлар масалалари бўйича ўринбосари”, “Ибратли хотин-қизлар қўмитаси раиси”, “Энг фидойи маҳалла раиси”, “Энг фаол профилактика инспектори”, “Адолатли яраштириш комиссияси”, “Энг фаол маҳалла посбони”, “Хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича фаол мутахассис”, “Энг фаол ёшлар етакчиси” номинациялари бўйича ғолиблар вилоят ҳокимлиги томонидан тақдирланди.

Тақдирлаш маросими вилоятимиздаги таниқли санъаткорларнинг     қўшиқ ва рақслари билан янада файзли тус олди.