Боқий меросимиз туганмас хазина

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги “Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори хақимизнинг умуммиллий бойлиги саналган маданий меросимизни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва ундан фойдаланишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Республикамизда ЮНЕСКО нинг Умумжаҳон маданий меросидан муносиб жой олган тарихий шаҳарларимиз билан бирга “Шашмақом мусиқаси”, “Наврўз”, “Палов маданияти ва анъаналари” Инсоният номоддий маданий мерос репрезентатив рўйхатига киритилганлиги нафақат аждодларимиз қурдирган обидалар, балки асрлардан асрларга ўтиб келаётган миллий анъана, урф-одатларимиз ҳам дунё миқёсида эътиборга молик эканидан далолат беради.

Шу билан бирга Усмон Қуръони, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар тўплами, Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатлари Жаҳон хотираси рўйхатига киритилгани Ўзбекистон қадимий ёзма манбаларга бой мамлакат эканлигининг ифодасидир.

Қарорга мувофиқ 2019-2021 йилларда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, илмий тадқиқ этиш, тарғиб қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тубдан такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси”нинг тасдиқланиши, юридик шахс мақомига эга бўлмаган Департаментнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасининг ташкил этилиши моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва асрашга доир ишларни амалга оширишга, соҳа фаолиятини янада мустаҳкамлашга имкон яратади.

Вилоятимиз ҳудудида жойлашган 376 та моддий маданий мерос объектларининг узоқ йиллик тарихи, ўзига хос меъморий кўриниши бор. Президентимизнинг ушбу қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб  ана шу моддий маданий мерос объектларида археологик тадқиқотлар олиб бориш, турли сабаблар билан уларнинг тарихий-меъморий қиёфасига путур етказмаслик,  музейларни экспонатлар билан бойитиш, маҳаллий ва хорижий туризмни ривожлантириш бўйича вилоятда “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Қарорда “Қўқон” давлат музей-қўриқхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифнинг маъқулланганлиги алоҳида  қайд этилган.

  • Қўқон ўзининг 2000 йиллик тарихига эга бўлган 60 дан зиёд моддий ва маданий ёдгорликлари билан ном қозонган шаҳар саналади, — дейди Қўқон маданияти тарихи Давлат музейи директори Манзурахон Мансурова. – Анча йиллардан буён тарихчи-тадқиқотчи, адабиёшунос олимларимиз шаҳарда музей-қўриқхона яратиш орзуси билан яшадилар. Президентимизнинг қарори орзуларимизни рўёбга чиқаришда дастуриламал бўлади ва зиммамизга масъулиятли вазифаларни юклайди.

Бугунги кунда Қўқонда 6 та музейдан 5 тасида моддий маданий мерос объектлари жойлашган.

2019 йилда 2 та моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш режалаштирилди. Ҳозирги кунда 6 та ҳудуддаги зиёратгоҳларда тадқиқот ишлари  олиб бориляпти. Ушбу саъй-ҳаракатлар маҳаллий ва хорижий туризмни янада ривожлантириш, шаҳримизни дунё миқёсидаги ўрнини янада юксалтириш учун шарт-шароит яратади.

Дарҳақиқат, Қўқоннинг энг муҳташам обидаларидан бири Худоёрхон ўрдаси Туркистон заминида сақланиб қолган учта сарой мажмуаларидан бири саналади. Арки олий, яъни хон ўрдаси 119 та хонадан иборат бўлиб шу кунга қадар 19 та хона сақланиб қолган.  Ҳозирги пайтда Ўрданинг олд томонида хиёбон барпо этилиб, чор атрофи ободонлаштирилди. Сайёҳлар учун бир қатор қулайликлар яратилди.

Қарорда белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнида Чинбирлик азиз, Кокиллик эшон, Кўктўнли ота, Дастурхончи каби зиёратгоҳларда ҳам таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилади.

Шу ўринда таъкидлаш жойизки, вилоятимиздаги мавжуд моддий маданий мерос объектларини таъмирлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари борасида муаммолар ҳам мавжуд. Баъзи зиёратгоҳлар ҳудудидаги ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, зах сувларни қочириш, миллий ва замонавий андозаларда боғ ва гулзорлар барпо этиш зарур.  Қадимий обидалар асосан гумбаз кўринишида барпо этилган бўлиб уларни аслини сақлаб қолган ҳолда реставрация қилиш, бу борада илмий-амалий манбаларга таяниш, таъмирлаш, безаклаш ишларига наққошлар, қўли гул ҳунармандларни жалб этиш керак.

Қарорда белгилаб қўйилганки, фаол фуқаролар ихтиёрийлик ва танлов асосида маҳалла фуқаролар йиғинлари кенгашининг қарори билан моддий маданий  мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича жамоатчи инспектор этиб тасдиқланади, уларнинг қонун ҳужжатлари бузилишига оид мурожаатлари Департамент ёки унинг ҳудудий бошқармалари томонидан мажбурий тартибда давлат назорати шаклида текширилади, бунда маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят аниқланса жамоатчи инспекторлар Жамғарма маблағлари  ҳисобидан пул мукофоти билан тақдирланади.

Албатта, моддий маданий мерос объектларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашда маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган ёши улуғ, кўпни кўрган, эзгу-ҳашарларга ҳамиша бош бўладиган инсонлар кўмаги жуда ҳам муҳим.

Боқий меросимиз туганмас хазинадир. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида қўним топган аждодлар хоки, зиёратгоҳ, қадамжолар эндиликда шунчаки томошагоҳлар эмас, илмий тадқиқотлар олиб бориладиган, тарихи, жуғрофий жойлашуви чуқур ўрганиладиган музей муассасадир.