Ўз боламиз, уйимиз ва маҳалламизни ўзимиз асрайлик!

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилган мамлакатимизда ҳудудларни ривожлантиришнинг самарали тизими – тўртта сектор фаолияти ҳаётбахш ислоҳотларнинг бугунги босқичида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Шу йилнинг 12 февраль куни Марғилон шаҳрида вилоят ҳокимлиги томонидан 2019 йил 16 январь куни тасдиқланган чора-тадбирлар режаси асосида “Ўз боламизни, ўз уйимизни ва ўз маҳалламизни ўзимиз асрайлик” мавзусида тадбирлар бўлиб ўтди.

Марғилон шаҳар ҳокими, 1-сектор раҳбари Мирзоҳид Убайдуллаев раҳбарлигидаги тарғибот гуруҳи тадбирлари 1-умумтаълим мактабидан бошланди. Дастлаб ўқувчилар ҳунармандчилик намуналари ҳамда ўқиш ва спортда эришаётган ютуқларини намойиш этишди. Мактаб мажлислар залида “Оила – муқаддас қўрғон” мавзуида ота-оналар йиғилиши ўтказилди. Тарғибот гуруҳи аъзолари Ўзбекистон халқ артисти Ёрқиной Ҳатамова, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Дилфуза Абдуллаева ҳамда ўқитувчилар ва ота-оналарнинг самимий мулоқотидан сўнг аълочи ўқувчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида “Мен экстремизм ва терроризм таҳдидини қандай тушунаман”, “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзуларида иншолар, тасвирий санъат бўйича танловлар уюштирилди. Ҳунармандчилик марказида ўтказилган ош танловида сектор ҳудудидаги 15 та маҳалла ошпазлари иштирок этишди. Тарғиботчилар гуруҳи сектор ҳудудидаги МФЙларда бўлишиб, ўйда таълим олаётган ўқувчилар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар аъзоларига совғалар туҳфа этишди.

Шаҳар прокурори, 2-сектор раҳбари Алишер Ходжаев бошчилигидаги тарғиботчилар иштирокида 23-умумтаълим мактабида “Жаҳолатга қарши – маърифат” мавзусида ота-оналар йиғилиши ўтказилиб, фарзандларимиз таълим-тарбияси билан боғлиқ энг муҳим масалалар сарҳисоб этилди. Ёшлар марказида ҳунарманд ёшлар маҳсулотлари кўргазмаси, “Зуҳро” МФЙда “Прокурор соврини учун” футбол мусобақалари бўлиб ўтди. Марғилон шаҳар туғруқ комлексида ташкил этилган “Огоҳлик – давр талаби” мавзусидаги учрашув Ватан равнақи йўлидаги масъулият туйғусини юксалтиришга бағишланди.

Шу куни Марғилон шаҳар драма театри ижодий жамоаси томонидан сектор ҳудудидаги фаоллар, ота-оналар ва ижтимоий соҳалар ходимлари учун спектакль намойиш этилди.

Марғилон банк коллежида 3-сектор раҳбари, шаҳар ИИБ бошлиғи Шавкатжон Дадахонов раҳбарлигидаги тарғибот гуруҳи аъзолари ҳамда ота-оналар, ўқитувчи-мураббийлар ва ўқувчилар иштирокида ўтказилган давра суҳбати келажагимиз ворисларининг ўқиши, аҳлоқ-одобига бағишланди. Шундан кейин Туркистон кўчаси бўйлаб югуриш бўйича оммавий спорт мусобақаси ўтказилди.

Хизмат кўрсатиш ва сервис касб-ҳунар коллежида бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилиб, шаҳардаги 43 та муассасалар ўзларидаги 425 та иш ўринлари таклиф этишди. Ярмарка давомида “Ёдгорлик” ва “АВС текстил” корхоналари, оилавий поликлиника ва мактабгача таълим муссасалари ҳамда иш изловчилар ўртасида 30 га яқин меҳнат шартномалари имзоланди. “Либос – маданият кўзгуси” деб номланган яна бир тарғибот тадбирида ҳунармандлар томонидан миллий либослар кўргазмаси ҳам уюштирилгани қатнашчиларнинг катта қизиқишига сабаб бўлди. Вилоят мусиқали драма театри томонидан саҳналаштирилган “Залолат” спектакли тадбир қатнашчилари мароқли дам олишларини таъминлади.

Тарғибот гуруҳи аъзолари ва шаҳар фаоллари жам бўлган автобус 32-умумтаълим мактабида тантанали равишда кутиб олинди. Шаҳар давлат солиқ инспекцияси ва 4-сектор раҳбари Умиджон Юсупов бошчилигида таълим даргоҳида бўлиб ўтган ота-оналар мажлиси янгича услубда ташкил этилди. Йиғилишлар гуруҳларга бўлинган ҳолда олиб борилиб, ўқитувчилар жамоаси биринчи, ота-оналар иккинчи, ўқувчилар учинчи ҳамда экспертлар тўртинчи гуруҳдан жой эгаллашди. Шу тариқа фикрлар хилма-хиллиги ва эркинлиги асосида иш юритишнинг самарали усуллари белгиланди.

Марғилон шаҳар педагогика коллежи, “Баркамол авлод” болалар ижодиёти маркази ҳамда шаҳар драма театрида бўлиб ўтган маърифий тадбирлар мобайнида сектор фаолиятини янада яхшилаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим вазифалар келишиб олинди.

Файзли оқшомда Эркин Воҳидов номидаги ижодкорлар боғида тарғибот тадбирларининг якуний тантанали қисми бўлиб ўтди. Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев шаҳар фаоллари ва тарғибот гуруҳи аъзоларини маънавий-маърифий тадбирлар муваффақиятли ўтгани билан қутлаб, “Энг ораста либос”, “Энг яхши ота-оналар йиғилиши ўтказган мактаб”, “Энг моҳир ошпаз” сингари 20 дан ортиқ номнациялар ғолибларига фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғаларини топширди.

Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчага хушнудлик бахш этди.