Отанг маҳалла – онанг маҳалла

Фурқат туманидаги тўртта сектор ҳудудида ҳафтанинг чоршанба куни оилавий масалаларда турли акциялар ўтказилиб, секторлар раҳбарлари бошчилигида барча муаммо ва масалалар маҳалланинг ўзида ҳал этилишига эришилмоқда. Акциялар доирасида МФЙлар қошидаги яраштирув комиссиялари фаолияти яхшиланаётгани, ёш оилалар билан алоҳида ишлаш услуби йўлга қўйилаётгани эътиборга сазовордир.

Айни пайтда туманимизда 23 мингдан зиёд оила мавжуд бўлиб, ўрганишлар жараёнида 50 га яқин оилалар ажралиш арафасида турганлиги аниқланди,-дейди Фурқат тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зарифа Алихўжаева. – Секторлар раҳбарлари, “Оила” маркази, “Нуроний” жамғармаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи туман Кенгаши билан ҳамкорликда январь ойининг ўзида 5 та ана шундай оилада ажримларнинг олди олинди.

Ҳозирги кунда оилавий ажримлар борасида мурожаат қилган оилалар билан алоҳида иш ташкил этилиб, оила аъзолари билан юзма-юз суҳбатлар ўтказиляпти. Самимий мулоқотларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали турмуш шароити ва фаровонлигини юксалтириш бўйича амалий тавсиялар берилмоқда.