“Бобурнома”даги форсий шеърлар таржимаси

“Фарғона” нашриёти томонидан тадқиқотчи-таржимон Толиб Носирнинг “Бобурнома”даги форсий шеърлар таржимаси” номли китоби чоп этилди.

Китоб дебочаси вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг “Муносиб туҳфа” номли кириш сўзи билан бошланади. Унда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз қўлёзма фондларида 100 мингдан ортиқ ноёб асарлар сақланаётгани, улар шу вақтгача батафсил ўрганилмаганлигига эътибор қаратганликлари баён қилинган. Шоир ва таржимон Толиб Носирнинг мазкур китоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодий меросини ўрганишдаги айрим кемтикларни тўлдиради, дейилган кириш сўзида.

Китобнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, таржимон турк, форс, рус тилларини яхши билгани учун Бобурга тааллуқли ноёб манбаларга таяниб иш кўрган. Яъни шоирнинг форсча шеърларини  ўзбек тилига масъулият билан ўгирганки, сатрларда аслини муқобил ҳолда шаклан ва мазмунан сақлаб қолишга уринган.

        Висол оқшоминг эй ой, ёруғ субҳи саодатдур,

        Сенсиз ўтган кун  эса  менга шоми  уқубатдур.

        Жонима айлар жароҳат, кўнглима роҳат бериб,

        Етса сендан ҳар жароҳ, оғриғи жонга роҳатдур.

Рисола тўрт фаслдан иборат бўлиб, ҳар бир фаслда “Бобурнома”да келтирилган форсий шеърлар нима сабабдан, кимга аталиб ёзилганлиги аниқ, равшан ифодаланади. Рисолада ўқувчига янада тушунарли бўлиши учун шеърларнинг насрий баёни ҳам келтирилади.

Рисоланинг характерли хусусиятларидан яна бири таржимон “Бобурнома”даги айрим мисраларни Бобур тошбитикларга битган бўлиб, айрим битиклар Саъдийдан келтирилганини таъкидлайди.

    “Бул чашмага биздек кўп киши етмиш,

     Кўз юмиб очгунча кўз юмиб кетмиш.

     Жон тикиб, қонлар тўкиб, дунё олиб,

    Кетмадик гўрга валек ёнга солиб.”

Саъдийнинг “Бўстон” идан олинган бу парчани Бобур Масчоҳ тумани Оббурдон кенти Фалғар деган жойда булоқ ёқасидаги тошга ўйиб ёзган.

Рус шеъриятининг қуёши Александр Пушкин ўзининг “Боқчасарой фонтани” поэмасига Саъдийнинг 4 сатри (Бобур битган  6 сатр шеърнинг 4 сатри) ни эпиграф қилиб олган. У ўз мактубларидан бирида даҳоларга хос камтаринлик билан: “Поэманинг  ўзи ҳеч нарсага арзимайди, лекин эпиграф ажойиб”, деб бундан фахрланган. Замондош мухлислари эса Пушкинни “Ёш Саъдийимиз” дер эканлар.

Рисоланинг тўртинчи фаслида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи директори, филология фанлари доктори Саидбек Ҳасанов, музей катта илмий ходими, филология фанлари номзоди Жалолиддин Жўраев, Афғонистоннинг Қобул шаҳридан адабиётшунос олим ва таржимон Устод Бурҳониддин Номиқ, Туркиянинг Сивас шаҳридан Жумҳурият Университети профессори Билол Йужелнинг Бобурнинг дунё адабиётида тутган ўрни ҳамда таржимон маҳорати ҳақида мухтасар сўз юритадилар. Бу эса рисоланинг қадр-қимматини муносиб баҳолайди.