Қора бозордан фойда излаганлар

Лазизбек Ғофуров ўзининг шахсий рақамида рўйхатга олинган телеграмм мессенжерида Дилдор исмли аёл билан танишиб қолгач, уларнинг дўстона муносабатлари ноқонуний савдога йўл очди.

Аёлнинг ўз пулларини АҚШ долларига алмаштириш зарурлиги тўғрисидаги кетма-кет илтимоси Лазизбекнинг Дилёр Эргашев билан ўзаро тил бириктиришга ундади. Келишувга асосан улар Фарғона шаҳри Қувасой кўчасида жойлашган офисда  Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қиймати 7.944 сўм 7 тийин бўлган 1 АҚШ долларини 8.000 сўмдан сотиб олишга келишиб, умумий киймати 39.200.000 сўм бўлган 4900 АҚШ долларини қонунга ҳилоф равишда сотишган вақтларида Департамент ходимлари томонидан ушланганлар. Улардан 4900 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинган.

“Ипотека-банк” АТИБ вилоят филиалининг 2018 йил 6 июнь кунги 20/2062-сонли маълумотномасига кўра, шу куни 1 АҚШ долларининг сўмга нисбатан қиймати 7.944 сўм 7 тийинни ташкил қилиши кўрсатилган.

Айбдорларнинг қилмишлари суд жараёнидаги далиллар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари билан яна бир бор ўз исботини топди.

Жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида айбдорларга адолатли ҳукм чиқарилди. Лазизбек Ғофуров ҳамда Дилёр Эргашевга ҳақ тўланмайдиган фойдали жамоат ишларини бажаришга жалб қилишдан иборат 480 соат мажбурий жамоат ишлари жазоси тайинланди.

Элдоржон ОТАҚУЛОВ,

Ўзбекистон   Республикаси    Бош   прокуратураси

ҳузуридаги  ИЖҚК Департаменти  вилоят

бошқармасининг ахборот-таҳлил ва назорат бўлими бошлиғи.