Китобсевар подшоҳ

Пиримқул Қодировнинг  Бобурни  кучли шахс, шу билан бирга  китобга ихлоси юксак инсон сифатида танитган “Юлдузли тунлар” тарихий романи ноёб, дурдона асар сифатида кенг китобхонлар оммасининг эътиробирини қозонган.

Адибнинг камтарона ташбеҳи билан айтганда, “Бобур Мирзонинг ҳаёти ва фаолиятига оид мавзулар уммонида  сузган юзлаб адабий кемаларнинг бири”.

Асарда  Бобурнинг  ҳар жиҳатдан комил инсон бўлиб етишишида унинг китобга бўлган муҳаббати, мутолаага иштиёқининг баландлиги  ўзига хос фазилат сифатида урғу берилади. Элпарварлик, бунёдкорлик ва адолатли бўлиш йўлида собитқадамлиги, яқинларига меҳрибонлиги ўқувчини ҳаяжонга солади. Адибнинг содда ва равон услуби унинг бу жиҳатларини теранроқ тушинишга, қалб тўғёнлари кечинмалари ва қувончининг асл сабаблари, моҳиятини англашга кўмак беради. У чинакам дилбар дилли шахс сифатида намоён бўлади. Айниқса, келажак авлодларга юксак ўрнак вазифасини ўтовчи китобга бўлган муҳаббати бадиий ифода топади.

Китобхон ҳудди адиб билан ёнма-ён воқеаларнинг бевосита шоҳиди бўлаётгандек ўзини ҳис қилади ва завқланади.

Бобур Самарқандни Бойсунқур Мирзодан 7 ой қамал қилиб қўлга киритгач,  мулозимлари билан шаҳар аҳволини яхшироқ билиш  мақсадида кўздан кечирадилар. Раият мушкулини осон қилиш учун  нонвойхоналарга ун келтириб, оч қолган халққа нон тарқатади.  Саҳҳофлик дўконларига киради.

“Бобур  йўлида учраган  одамларнинг  таъзимларига  индамай бош ирғаб ўтди-ю,   Мамадали китобдорнинг ўтови томонга бурилди. Бу ерда  Бобур доим ўз кўчи билан  бирга олиб юрадиган  китоблар сақланар эди.  Беш-олти туяга юк бўладиган  нодир китоблар қалин чарм қопланган  махсус сандиқ ва қутиларга ёғин-сочин ўтмайдиган қилиб жойланган эди.  Кексайиб қолган бўлса ҳам ҳамма сафарларда Бобур билан бирга юрадиган  захил юзли эллик беш яшар Мамадали китобдор китобларни худди чақалоғини  авайлайдиган онадай авайлаб-асрар эди.” сатрлари билан тасвирланган манзаралар  орқали сафарларда Бобурга энг яқин навкарлари билан бирга, китоблар ҳамроҳлик қилгани ва уларни ўзининг дилдоши, яқин маслакдоши сифатида билиши намоён бўлади.

Қолаверса у қаерда бўлмасин, қайси шаҳарга бормасин Самарқанд, Тошкент, Ўратепа, Хирот ё Аграгами ҳар бир ҳудудда китобларни кўриб, жавоҳир топгандек беҳад қувонар, адабиёти ва санъатидан баҳараманд бўлишга интиларди.

Унинг “Бобурнома” асари бунинг инъикоси бўлиб, Ўрта Осиё, Хуросон  Афғонистон ва Ҳиндистон халқларининг тарихи, маданияти, этнографияси,  турмуш тарзи ҳақида ғоят  муҳим маълумотлар берувчи манбадир. Шунингдек, шарқ халқлари адабиёти ва санаъати тарихини ўрганишда беқиёс, қимматбаҳо ҳужжат саналади.

Подшоҳнинг китоблар билан бирга, санъат, бунёдкорликка ошуфталиги  авлодлари қалбига ҳам кўчиб ўтган.  “Юлдузли тунлар”нинг мантиқий давоми бўлган “Авлодлар довони” романида  бу жиҳатлар ўз тасдиғини топиб, кенгроқ қамраб олинади.

“Йигирма мингдан  ортиқ китобнинг кўпчилиги қимматбаҳо қўлёзма нусхалар. Алоҳида  жавонда  турадиган  юнонча ва фарангича китоблар ёнида  москвалик  меҳмон келтирган  русча китоб ҳам ўрин олган. Форсча, арабча, туркий, санскрит тилларидаги  китобларнинг бир қисми  ота-боболаридан мерос қолган…. Акбарнинг  китобга ишқи  баландлигини  узоқ юртларда туриб эшитган одамлар гоҳо Эрондан, гоҳо Турондан камёб китоб олиб келадилар….   Акбар китобни  синчиклаб кўргач, нарҳ қўйишни холис бир саҳҳофга буюради. Шерозлик Ҳусайн Инжу деган  киши  Беҳзод қўли билан саккизта сурат чизилган  Шарафиддин Яздий  асарини  олиб келган эди. Акбар уни саҳҳоф белгилаган нарҳ билан уч минг рупийга сотиб олди. Бадахшондан келган Фарруҳбек деган киши Ҳилолийнинг  “Сифот-ул ошиқон” номли китобини  Акбарга бир минг  тўққиз юз қирқ беш рупийга сотган….

Китоблар қиммат бўлганлиги учун Акбар уларни  ҳашарот ва сичқонлар теголмайдиган  хушбўй сандал ёғочидан ишланган  қутичалар ва жавонларда асрайди.”

Буюк бобоколонларимизга хос китобсеварлик фазилати бугун  аждодларга муносиб ворис бўламан, деган азму шижоатли, илму маърифатли  ёшларимиз қалбидан муносиб жой олиб, куртак очмоқда.