Ғазал мулкининг султони

Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатида Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. “Фасоҳат мулкининг соҳибқирони” деб номланган ушбу тадбирда шу мактаб ёшлари ҳамда Наманган вилоятидаги Исҳоқхон тўра Ибрат ва Андижон вилоятидаги Муҳаммад Юсуф номли ижод мактаби ўқувчилари, устоз ва мураббийлари иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Файзулло Қосимов ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқовалар сўзга чиқди. Улар буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди халқимиз, айниқса, навқирон авлод тафаккурини бойитишда беқиёс ўрин тутишини, бобокалонимизнинг бой адабий мероси бадиий мукаммаллиги, маънавий-ахлоқий, тарбиявий жиҳатдан барча даврга хос бўлиб, нафақат ўзбек мумтоз, балки жаҳон адабиёти ва умуминсоний маънавиятнинг юксалишига хизмат қилаётганини эътироф этдилар.

Шу куни Навоий таваллуди олдидан ўтказилган ижодий танлов ғолиблари номи эълон қилинди. “Энг яхши бағишлов шеър”, “Навоий ғазаллари билимдони”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур ғазаллари билимдони”, “Навоий асарлари билимдони” каби номинацияларда юқори натижаларга эришган ўқитувчи ва ўқувчилар вилоят ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Андижон ва Наманган вилоятидаги ижод мактаби жамоаларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.

– Буюк мутафаккирнинг ҳаёти ва ижоди борасида устозларимиз, олимлар томонидан билдирилган фикрлар, қимматли маълумотлар Навоий ижодини ўрганишга бўлган қизиқишимизни янада оширди, – дейди Исҳоқхон тўра Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 10-синф ўқувчиси Исмоил Дадахўжаев. – Бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш биз ёшларнинг шоир асарлари моҳиятини янада теран англашимизда айни муддаодир.

Тадбир давомида Алишер Навоий асарларининг ёшлар таълим-тарбиясидаги ўрни, уларда илгари сурилган шарқона одоб, ибо, мардлик ва жасорат, эл-юртга садоқат, ота-онага ҳурмат, муҳаббат ғоялари нечоғлик аҳамиятли эканлиги борасида сўз юритилди. Навоий ғазалларидан намуналар рус, инглиз, немис, француз тилларида ўқилди. Шоир ғазаллари куйга солинди. Саҳна кўринишларида Алишер Навоий ва Ҳусайн Бойқаро талқинлари акс этгани барчада ёрқин таассурот қолдирди.