Эътиқод овчиси

Олтиариқлик Алишер Умарқулов 1997 йилда Муҳаммад Мамаризаев билан танишиб, ундан диний сабоқ олади. Аммо бу танишув ҳам, замирида тинчликка раҳна солиш, ўзгалар қалби ва онгини заҳарлашга қаратилган “таълим” ҳам бўрон сингари ҳаётини алғов-далғов қилиб юборади.

Жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судининг 2000 йил 25 октябрдаги ҳукмига кўра, “хизбут-таҳрир” диний экстремистик оқимига аъзо бўлиб,  ташкилот фаолиятида қатнашиб,  йиғилишларида иштирок этиб келганлиги учун 7 йил озодликдан маҳрум қилинади. Халқимиз кечиримли. 2003 йилда амнистия актига асосан жазодан озод этилиб,  ҳаётини изга солиш учун унга имконият берилади.

Аммо мазкур инсонпарварлик тамойилининг моҳиятини сўқир қалб эгаси англармиди?! У яна  эски “қилиғи”ни бошлайди.  2012 йил сентябрь ойида М.Мамаризаев билан топишиб,  унинг уйида йиғилиб турадиган 3-4 нафар “хизбут”чилар билан танишади. У ерда жиноий шеригининг куёви А.Махсудовни оқимга аъзоликка қабул қиладилар. Кейинчалик Р.Хайдаров ҳам уларнинг бирига айланади.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚДАГИ  “ХИЗБ” ТЎРИ

Ўзларини “буюк ишнинг йўлбошчилари” деб билган “тўртовлон””  ҳар ойда йиғилиб, Олтиариқ тумани ҳудудида “хизбий халқа”  ташкил қилишади. Улар интернетда  ўзгаларга тузоқ қўядилар.

Ўзи сингари эътиқоди заиф, замири пуч ғояларнинг этагидан тутадиган кимсаларни излаб топишади. Қармоғига илинганларни  ўз тарафига оғдириб, электрон диний адабиётлар билан сабоқ беришади. А.Умарқулов ўзининг халқасига А.Якубов, А.Мамаризаев ва Б.Маматовни, М.Мамаризаев – М.Раҳимов, “Аҳад”, А.Мўминов, А.Азизбоевни, И.Вохобов – А.Абдуллажонов, А.Мирзараҳмоновни, Р.Хайдаров – “Турсунали”ни, А.Маҳсудов эса Б.Бобоев, М.Юлчиев, А.Қўзиев, Х.Каримов, А.Эргашев, М.Хайдаров ва Д.Тўтабаевни жалб қиладилар.  Улар йиғилишларда  интернет тармоғи орқали оқимнинг янгиликлари ва ғоялари бўйича ўзаро фикр алмашган.   Виртуал жамоага бирлашган ҳолда ташкилотнинг молиявий  жамғармаси ҳисобланган “таборруот” пулларини тўплаш ҳамда бошқа ташкилий масалаларни муҳокама қилиб келишган.

Бу орада А.Умарқулов гарчи турмуш ўртоғи, фарзандлари бўлса-да,  ўзи сингари чиркин ғоялари билан тармоқларда кезаётган Н.Арипова билан танишиб қолиб, у билан 2013 йилда шаърий никоҳдан ўтади. Эндиликда улар  оқимга қизиқиши бўлган шахсларни жамоат аъзосига айлантириш, уларга “хизбут-таҳрир” ташкилоти нашриётига тегишли китоблардан сабоқ бериб, онгини заҳарлашга зўр берадилар.

А.Умарқулов уларнинг орасида “мушриф” даражасида фаолият юритиб,  сафдошларини кенгайтиришга “астойдил” киришиб кетади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда  бузишга очиқдан-очиқ  даъват қилиб, экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумот ва материалларни тарқатиб келади.  Ўзининг “жамоат”, “халқа” ҳамда интернет тармоғида  “виртуал жамоат” диний экстремистик ташкилотларини тузиб, уларга раҳбарлик қилади. Ҳаттоки 2013 йилнинг февраль ойида баландликдан йиқилиб тушиб, оёғини синдириб олганида ҳам уйига келиб турадиган А.Мамаризаев, Б.Маматов, А.Якубовларга диний ақидавий тушунчалардан таълим беради.

КУНИДА СИНГАН КЎЗА

2013 йил сентябрь ойида жамоат аъзолари Олтиариқ туманининг Полосон қишлоғида истиқомат қилувчи М.Мамаризаевнинг хонадонида  тўпланиб, ўз фаолиятини аниқ бир мақсад сари амалга ошириш ва бевосита оқимнинг  юқори турувчи раҳбарлари  билан алоқа  ўрнатишга келишиб оладилар.

А.Махсудов  интернет тармоғи орқали Қирғизистон Республикасида фаолият юритаётган гумашталари билан боғланиб,  бирон-бир юқори турувчи шахслардан кўрсатма ва йўл-йўриқлар берилса, фаолиятини ривожлантиришга туртки бўлишини айтиб, раҳнамолик қилишларини сўрайди.

Мазкур йилнинг октябрь ойида А.Умарқулов Қирғизистон Республикаси Қадамжой туманига  ўтиб, у ерда ўзини “Хожи” деб таништирган диний экстремистик оқимининг Қирғизистон Республикасидаги вакили билан учрашиб, унга фаолиятлари ҳақида маълумот беради. Халқани янада кенгайтиришга қаратилган тавсиялар олиб, ижтимоий тармоқда даъватларни кучайтиради.

“Кўза кунда эмас кунида синади” деганларидек вақти-соати  келиб,  жиноятчиларнинг сирлари фош бўлаётганда эса оила аъзоларига ишлаш мақсадида Россия Федерациясига кетаётганлигини айтиб, шериклари билан  Қирғизистон Республикаси Қадамжой туманига ўтиб кетадилар.    Ижтимоий тармоқ орқали  бир-бирлари  билан  доимий равишда боғланиб туришади. Шундай ҳолатда ҳам қилмишини англамаган нобакор эр эндиликда турмуш ўртоғи З.Умарқуловага таъсир ўтказиб,  уни  оқимга аъзо бўлишига  даъват  қилади. Унга  профил очиб бериб, 2014 йилнинг  август  ойига қадар мулоқотда бўлиб туришади. Аммо тез вақт ичида хотини қонун олдида жавоб беришига тўғри келади ва судланади. Онгини ҳам, қалбини ҳам зулмат чулғаб олган эр турмуш ўртоғининг тақдиридан заррача ўкинмайди. Ҳеч нарса бўлмагандек, Қизилқия шаҳридаги деҳқон бозорида пишириқ сотиш билан шуғулланувчи Ф.Мирзаева  билан танишиб, у билан яшай бошлайди.

Бир-бири билан кўришолмаган қочқиндаги “биродарлар”  виртуал оламда  бўй кўрсатишлари билан фаолиятлари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан якунланади. А.Умарқулов сафдошларининг сийраклашиб қолганидан хавотирга тушиб, тармоқда ўзига бошқа ўлжа излай бошлайди. Д.Назаров, Ф.Усмонов ва Б.Усмонов янги “ҳамроҳларига” айланади.  Уларга оқимга тегишли бўлган мавзулардаги  мақолаларни  ижтимоий тармоқларга жойлаб, ўзларига ўхшаш  шахсларни танлаб олиш,  “виртуал жамоат” ташкил қилиш вазифаси юкланади. Д.Назаров  турмуш ўртоғини ҳамда “Отабек”, “Неъмат” исмли жиянлари, ишчилари “Мурод” ва “Нуриддин” исмли шахсларни оқимга даъват этади ҳамда  уларга “устоз”лик қилади. Халқага кейинчалик тожикистонлик  “Абдуллоҳ”, “Абдурашид”, қўқонлик “Шер”, “Полвон” тахаллусли кимсалар ҳам қўшилади.

2018 йилнинг 12 январ куни  эътиқод овчисининг фаолияти хотима топади. Қирғизистон Республикаси Ўш шаҳрида Қирғизистон Давлат  миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинади ва Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига топширилади.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди томонидан А.Умарқуловнинг қилмишлари кўриб чиқилиб,  унга 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.