Кўп асрлик анъаналар қадр топмоқда

Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивалининг ўтказилиши  мамлакатимизнинг  ноёб  ва  қадимий  маданиятини  дунёда тараннум этиш,  кўп асрлик анъаналарни қадрлашда алоҳида аҳамият касб этади.

–Ҳозирги кунда  вилоятимизда 1552 нафар ҳунарманд 32 та соҳа бўйича фаолият  олиб  бормоқда. Марғилон  шаҳрида  матолар  билан  ишлаш, Қўқонда кандакорлик, пичоқчилик,  Риштон туманида кулолчилик ва чиннисозлик йўналишлари  ривожланган, –дейди вилоят “Ҳунарманд” уюшмаси раҳбари  Мирзарасул  Мирзааҳмедов. – Мустақиллик йилларида ҳунармандлар орасидан  кўплаб давлат мукофоти соҳиблари етишиб чиқди. Қўқонлик ёғоч ўймакор устаси  Абдуғани Абдуллаев Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафли номга сазовор бўлди. Устанинг нақшинкор устунлари юртимиздаги муқаддас қадамжойларга, обидаларга кўрк бағишлаяпти. Устани Германиянинг олис Ганновер шаҳрида ҳам яхши билишади. Чунки бу ерда салобат тўкиб турган Ўзбекистон чойхонасининг ўн иккита нақшли устуни ҳамда маҳобатли эшикларини ҳам уста Абдуғани тайёрлаб берган.   Бундан ташқари  Ўзбекистон  халқ  устаси  Муҳаммадали  Юнусов, риштонлик машҳур мусаввирлар, сопол  идишларга суратлар чизишнинг ҳадисини олган  Тоҳиржон Ҳайдаров “Дўстлик” ва Баҳодир Исо “Шуҳрат” медалига лойиқ топилди.

Марғилон шаҳри азал-азалдан ипакчилар, ҳунармандлар юрти деб таърифланади.  Шаҳар мамлакатимизнинг қадимги тарихи, халқимизнинг ўзига хос ва такрорланмас  маданияти, урф-одатлари ва анъаналарини ўзида акс эттирувчи маскандир. Шаҳарда 9 та туристик объект, 3 та меҳмонхона ишлаб турибди. Бир нечта қадимий ҳунармандчилик мактаблари, айниқса, ипакчилик мактаби сақланиб келаётир. Бугунги кунда Марғилон шаҳрида мингдан ортиқ хонадон ҳунармандчилик билан  шуғулланади. Расмий  фаолият юритаётган “Ҳунарманд” уюшмасига аъзо бўлганлар  сони 400 тани ташкил этмоқда.

Шаҳарда ҳунармандчиликнинг 17 та тури билан шуғулланувчи ҳунармандлар  фаолият  кўрсатмоқда. Уларнинг  асосий  йўналишлари – миллий  матолар  (адрас,  атлас ) ва улардан тикувчилик  буюмлар ишлаб чиқариш,  миллий   пойабзал  ишлаб  чиқариш, ёғочсозлик, ёғоч ўймакорлиги, дўппидўзлик, тўнчилик, темирчилик, мисгарлик ҳисобланади.

Абдуҳамид Мадалиев мисгар-кандакор. У Қўқон шаҳрида ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этишга номзодлардан бири. Унинг ота-боболари ҳам шу касбни азизу мукаррам  кўриб, меҳнат қилишган. Олтинчи сулола вакили бўлган Абдуҳамид  хонадонида юздан ортиқ шогирдларга ушбу ҳунарнинг мураккаб сирларини пухта ўргатмоқда.

От ўрнини той босар, деганларидек, отам  Мирзарасул ёнига кириб,  атлас-адрас тўқишга астойдил қизиқдим. Хорижда атласу адрас, беқасам матоларига талаб катта. Шаҳримизга ташриф буюраётган сайёҳлар ҳам биринчи навбатда ушбу  матолардан  тайёрланган  маҳсулотлар харид қилишга шошилишади. Ҳозирги кунда хонадонимизда ўндан зиёд ёшларга отамерос касбни ўргатишдан асло чарчамаяпман. Чунки юракда иштиёқ билан, астойдил ишласанг, роҳатини кўравераркансан. Ўтган йили Америка Қўшма Штатларининг Санта-фей шаҳрида Бутунжаҳон ҳунармандлари фестивалида қатнашиб,   ажиб товланувчи матоларимиз билан барчани лол қолдирдик.  Ўша  ерда  шартнома тузишга муваффақ бўлдим. Мақсадим-Қўқонда ўтказилаётган фестивалда ҳам чет элликлар эътиборига марғилонлик моҳир, қўли гул тўқувчиларнинг  атласу адрас, беқасамдан  тайёрлаган ранг-баранг маҳсулотлар кўргазмасини намойиш этмоқчимиз.

Биз – фарғоналик ҳунармандлар Халқаро ҳунармандчилик фестивали айнан Қўқонда ўтказилаётганидан қалбимиз фахр-ифтихорга тўлди. Бундай эътиборга муносиб бўлишга ҳаракат қиламиз, – дейди марғилонлик ҳунарманд Абдуллоҳ Мирзааҳмедов.