Энергия самарадорлигини ошириш

Вилоят Тадбиркорлар марказида саноат корхоналари, коммунал идоралар ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирокида “Саноат корхоналарида энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси моҳияти ва шартлари тарғиботига қаратилган давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳудудий бошқармаси вакиллари “Саноат корхоналарининг энергия самарадорлигини ошириш” лойиҳаси ҳамда “Ҳудудларга хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича мақбул имкониятлар” мавзусидаги маърузалари билан иштирок  этдилар.

Лойиҳанинг амалга оширилишида тижорат банкларининг аҳамияти, кредит маблағлари ажратилиши жараёни ва эришилган натижалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Шунингдек, энергия самарадор ускуналарни жорий қилиш афзалликлари  бўйича  лойиҳада иштирок этган корхона вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбирда ялпи ички маҳсулотда энергоресурслар улушининг ривожланган давлатларга нисбатан 3 баробар юқорилиги, ишлаб чиқаришда энергосамарадорлиги паст, жисмонан эскирган технологиялардан фойдаланиш давом этаётганлиги, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархини камайтириш ва рақобатбардошлигини ошириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

2018 йилнинг 30 январида Жаҳон банки томонидан мамлакатимиздаги  кичик ишлаб чиқариш  корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Шу каби имтиёзли кредитлар орқали  корхоналарнинг энергосамарадорлигини оширувчи сўнгги русумдаги технологиялар  билан тўлиқ таъминланишига  эришиляпти. Бу эса  корхоналарга хорижий инвестицияларни жалб этишда қўл келади, албатта.