Халқ саломатлигининг асоси

Аёл соғлом ва бахтли экан, жамиятимиз барқарордир. Шу маънода аёлларимизга бахтли ҳаётни таъминлаш орқали келажак авлодлар учун тўлақонли бахтни туҳфа этишимиз мумкин. Албатта, соғлом авлодни дунёга келтиришда аёлларнинг овқатланиш рациони муҳим роль ўйнайди.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида фан ва технологиянинг ривожланиши натижасида олимлар ҳосилдорликни бир неча бароварга оширишга муваффақ бўлишди.  Айниқса, генетика соҳасидаги тадқиқотлар натижасида баъзи хорижий давлатларда мева-сабзавот етиштиришни 73 фоизгача жадаллаштиришга эришилди. Бундай тезлик билан ривожланиш эса сабзавотларга фойдали хусусиятларни тўплаб олишга имкон бермас экан. Энг ёмони, гени ўзгарган 30 фоизга яқин сабзавотлар таркибида заҳарли моддалар мавжудлиги аниқланган. Афсуски, бугун бозорларимизга хориждан кириб келаётган  маҳсулотларнинг деярли барчасида гени ўзгарган организмларни кўриш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқимиз генофондини сақлаш учун  ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиш  рациони  бўйича  амалдаги  меьёрларни  халқаро  стандартлар асосида қайта  кўриб чиқиш лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.  Бу борада  амалий  чора-тадбирларни  ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Хусусан, давлатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қиладиган хатарлардан эҳтиёт чораларини кўриш муҳим аҳамият касб этиб, бунда мамлакатда озиқ-овкат хавфсизлигининг мезонларини ишлаб чиқиш ва доимий равишда  мониторинг ўтказиб бориш зарур.

Шунингдек, сифат ва хавфсизлиги замонавий талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат турларини  ишлаб чиқаришни  кенгайтириш  мақсадида  қишлоқ  хўжалиги  ва озиқ-овқат саноатига инновацион  технологияларни  жорий этиш, озиқ-овқат ишлаб чиқарадиган хўжалик юритувчи  субъектларни  рағбатлантириш  механизмларини  такомиллаштириш  лозим.  Микроэлементларга ва витаминларга бойитилган маҳсулотларни, болаларга мўлжалланган озуқа ва биологик фаол моддалар қўшилган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш, даволаш- профилактика  муассасаларида даволанаётган  аёлларга пархез озиқ-овқат маҳсулотлари беришни яхшилаш, соғлом овқатланиш масалалари бўйича аҳолининг турли гуруҳлари учун ўқув дастурлари ишлаб чиқиш — бу борадаги энг муҳим чоралар сирасига киради.  Зеро, аёллар саломатлиги миллат ва халқ саломатлигининг мустаҳкам асосидир.

Д. ҚОДИРОВА, А. МАМАСИДДИҚОВ,

Фарғона политехника институти ўқитувчилари.