Катта сармоядан – улкан даромадгача

Туяқуш жуда кучли иммунитетга эга бўлиб, икки ҳафтада ҳаётга мослашади ва 20 градус совуққа ҳам бардошли бўлади. 10-15 ойлик туяқуш 95-100 кг, 3,5-6 ёшда эса вазни 140-160 килограмга етади. Истеъмол қилиш мумкин бўлган битта тухуми (у холестерин камлиги ва дармондориларга бойлиги билан товуқ тухумидан бир неча баробар кучли қувватга эга ) 50-70 минг сўм, жўжа очириш учун керак бўладиган битта тухумининг нархи 100 доллар, ички бозорда холестеринсиз, кучли ва фойдали хусусиятларга эга 1 кг туяқуш гўшти 90-110 минг сўм. Жаҳон бозорида 1 кв.метр териси 350-400 долларга баҳоланади. Бу қушнинг ҳатто тирноғи ҳам фойдали ва у қимматбаҳо олмосларга шакл беришда жуда керакли хом ашё ҳисобланади.

Риштон туманида жойлашган “Страус Фарм” қўшма корхонасида атиги уч-тўрт йил ичида туяқуш бизнеси нечоғли истиқболли эканлиги тўлиқ исботланди. 2016 йили қўшма корхона таъсисчиси Мамасобир Ҳожиаҳмедов ташаббуси билан 306 минг доллар эвазига 200 бош Африка туяқуши келтирилди ва маҳаллий шароитда муваффақиятли парваришлаб келинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда ўз тадбиркорлигини бошлаётган ҳамюртларимизнинг 85-90 фоизига мазкур корхона томонидан туяқуш жўжалари етказиб берилаётгани эътиборга сазовордир.

Айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида туяқуш боқишга бўлган қизиқиш тобора ортиб бормоқда,-дейди қўшма корхона иш юритувчиси Ҳасанбой Аҳмаджонов. – Буюртма асосида яқинда хориждан 5-15 кунлик бўлган 2100 та туяқуш жўжалари олиб келиняпти. Туяқуш жўжалари бир муддат корхонамизда ташкил этилган инкубаторийда маҳаллий шароитга мослаштирилади ва ҳар бири 1 миллион 800 минг сўмдан харидорларга етказиб берилади. Корхонамизда замонавий лаборатория фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ветеринар шифокор, зоотехник, 17 нафар ишчи-мутахассисларимиз томонидан барча жараёнларда туяқуш боқаётган табиркорларга кўмаклашиб борамиз.

Таъкидлаш жоизки, тадбиркорнинг мазкур ташаббуси давлатимиз томонидан юксак қадрланди. Президентимизнинг 2018 йил 8 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, “Страус Фарм” қўшма корхонаси таъсисчиси Мамасобир Ҳожиаҳмедов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланди. Вилоят ҳокимлиги қарори билан эса қўшма корхона озуқа базасини яратиш учун Марказий Фарғона ерларидан 45 гектар ер ажратилди. Шу тариқа ушбу экин майдонларида беда, соя, маккахўжори етиштириляпти. Эътибор ва рағбатдан мамнун тадбиркор тухумдан жўжа очириш, туяқушни тўлиқ маҳаллий шароитга мослаштириш, инкубаторий ва лаборатория фаолиятини замонавий мезонлар асосида ривожлантириш, хом ашёни қайта ишлаш сингари фаолият турларини кенгайтириб бормоқда.

Туяқуш ўртача 60 йил яшайди. У 2,5 ёшда тухумга киради, 3 ёшдан насл қолдириш қувватига эга бўлади,-дея суҳбатимизни давом эттиради Ҳ. Аҳмаджонов. – Бир ойда битта туяқуш 10-15 та тухум туғади. Лаборатория шароитида барча тухумларини очириш мумкин. Инкубаторий шароитида 40, туяқуш ўзи босиб ётганида 60 кунда жўжа тухумни ёриб чиқади. Атиги икки ҳафтада маҳаллий шароитга мослашади. Африка унинг ватани ҳисобланса ҳам ҳозирги пайтда ҳатто қаҳратон совуқ бўладиган Россиянинг Сибир ўлкасида ҳам туяқуш парваришланади.

Жаҳон бозорида талаб ва таклиф жуда юқори эканлигини инобатга олиб, корхона жамоаси экспорт фаолиятини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратяпти. Ҳозирда корхона томонидан оёқ кийимлари, аёллар ва ишчи-хизматчилар сумкалари, турли жилд-ғилофлар каби 10 дан зиёд маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Замонавий техника ва технологиялар сотиб олинди.

Риштон туманининг табиати сўлим Боғистон мавзесида жойлашган қўшма корхонаси жамоаси экотуризмни ривожлантириш бўйича ҳам чора-тадбирлар режасини белгиламоқда. Туризм яна бир қўшимча даромад манбаи сифатида туяқуш бизнесининг эртанги кун истиқболини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.