Тўйлар ҳақида янгича ўйлар

Ушбу мавзуда сўз юртишимдан мақсад янги барпо этилган оилалар мустакамлигини таъминлашга кичкина бўлсада ҳисса қўшишдир.

Биз каби ёши улуғ инсонлар ҳаёти давомида бир неча маротаба эл олдига дастурхон ёзиб, ош бериб тўй қилади.  Бундан албатта ҳар бир одам роҳатланади. Аммо сўнгги йилларда бу роҳат ғам-ғуссага айланиб бормоқда.  Бу ғам-ғусса эса кекса нуронийларни ташвишга соляпти.

Шу кунларда тўйларимизни дабдаба билан ўтказаётган, мени сендан кам жойим борми қабилида ёки орзу ҳавас деб янги урфларни жорий қилаётган кимсалар билан ҳеч кимнинг иши йўқдай кўринмоқда. Келишмовчиликлар кўпинча қайнона-келин ўртасида бўлиб ўтмоқда. Ўттиз-қирқ йил мобайнида оила деган даргоҳ илмини ўрганган қайнона хонадонга эндигина қадам қўйган келинни ўзининг билими даражасида имтиҳон қилмоқда. Натижада келинлар бу имтиҳондан ўтолмаяптилар.

Келин томондан кўплаб маиший буюмлар жамламасининг сотиб олиниб куёв уйининг безатилиши, тўйдан олдинги куёвга юбориладиган зиёфат, тўйдан кейинги турли-туман таомлар жўнатмалари, ҳар қандай инсонни чарчатади. Қизимиз ўша уйда ортиқча гап эшитмасдан тинч яшасин деган умидда чиқим сарфлаётганлар куёв тарафни таъмагирга айлантириб қўймаяптиларми?

Ана шундай олди-бердиси узоқ давом этаётган оилаларда ажримлар бўлаётгани бор гап. Улуғларимиз бир оиланинг бузилиши аршни ларзага солади дейдилар. Шу кунларда айрим қудаларни бир-бирига айтаётган андишасиз ҳақоратларини эшитиб тавба деймиз ва бундай нохуш ҳолатларга қандай йўл билан барҳам бериш керак деган савол қаршисида ўйланиб қоламиз?!

Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юқоридаги саволларимизга, оилада, хотин-қизлар ҳаётида кўп йиллардан бери қийнаб келаётган муаммоларимизга ечим топади десам айни ҳақиқатни айтган бўламан.

Фармонга асосан ташкил қилинаётган “Оила” илмий-амалий маркази  қошида  доимий ҳаракатдаги пуллик ўқув курси фаолият олиб борса айни муддао бўларди.  Ўқув курсида оила билан боғлиқ билимлар юқори малакали мутахассислар, олимлар томонидан берилади. Тингловчиларга бўлажак келин-куёвлар олдига қўйиладиган талаблар нималардан иборат,қайнона-қайнотанинг оиладаги роли, оилада учрайдиган муаммолар видеороликлар асосида тушунтириб борилади. Амалий машғулотлар ниҳоясида бўлажак қудалар таклиф этилиб тўйни камчиқим ўтказиш ҳақида уларга тавсиялар берилади. Ўқув курсини тугатганларга сертификат ёки гувоҳнома топширилади. Берилган тавсияларни жойларда МФЙ раислари, профилактика нозирлари назоратга оладилар. Тавсияларни бузган томонларга қонунчиликда белгиланган чоралар кўрилиш ҳақида эслатмалар ҳам берилади. Бу таклифимни мутахассислар  ўрганиб чиқиб, тажриба тарзида вилоятимизда ташкил этилишини жуда истардим.