Гўдак исидан мунаввар олам

Вилоят перинатал марказида ҳар куни ўнлаб аёллар чексиз бахтга ошно бўладилар. Ўтган йилда бу ерда 6347 та туғруқ қайд этилган бўлса,  275 та хонадонда эгиз чақалоқларнинг овози янгради. 18 та уч эгизакларнинг туғилиши уларнинг ота-оналарига, яқинларига бир олам қувончни ҳадя этди.

Марказ 220 ўринга мўлжалланган бўлиб, тиббий масканда 700 дан зиёд ходимлар меҳнат қиладилар. Шифокорлар 72 нафар, ўрта тиббиёт ходимлари эса 324 нафарни ташкил  этади. Муассасада вилоятдаги барча оғир акушерлик, экстрогенитал асоратлари билан кечаётган ҳомиладорлик ва туғруқлар, гинекологик-акушерлик, жарроҳлик амалиётлари амалга оширилади, бемор ҳамда муддатидан олдин туғилган чақалоқларга малакали тиббий хизмат кўрсатилади.

Ўз муддатидан аввал дунёга келган чақалоқларга кўрсатилаётган бирламчи тиббий ёрдамнинг янада яхшиланиши, даволашда янги замонавий технологияларнинг қўлланилиши натижасида жажжи беморлар соғлом кичкинтойлар қаторига қўшилмоқда. Ўтган йил таҳлилига қаралса, ўта кам вазнли чақалоқларда яшаб қолиш  2017 йилнинг 12 ойига нисбатан 38 фоиздан 51,2 фоизга ошганлигини кузатиш мумкин.

Болалар ўртасида касалланиш ва ногиронликнинг олдини олиш, гўдакларда эшитиш қобилияти бузилишини эрта аниқлаш мақсадида перинатал марказда 2018 йил давомида туғилган 4987 нафар чақалоқларда аудиоскрининг ўтказилди. Бу текширувдан ўтган 4 нафар болада эшитиш қобилияти бузилганлиги аниқланиб, улар махсуслаштирилган тиббий ёрдам олишга юборилган.

2006 йилдан бошлаб “Саломатлик – 2” лойиҳасига асосан тиббий асбоблар билан таъминланган вилоят перинатал маркази сўнгги йилларда “Ўзтибтехника” МЧЖ томонидан грант маблағлари ҳисобидан, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг режасига кўра, зарур техника ва анжомлар билан жиҳозланмоқда. Реанимация бўлимига “Wella”сунъий нафас олиш аппарати,  “Allon 2001” русумли тизим, “Ampla 2085” гўдаклар реанимацияси тизими, “Bilitron sky 5006 model BSP” фототерапия лампаси, “1186 С” инкубатор, чақалоқлар кроваткасининг келтирилиши сифатли тиббий хизмат кўрсатишда қўл келмоқда.

Ўтган йилнинг 15 августидан марказда “Тезкор алоқа” тизими фаолиятини бошлади. Бу борада 270 та қўнғироқлар бўлиб, мутахассислар томонидан мурожат этувчиларга зарур тавсия, маслаҳатлар берилган.

– Вилоятимизда оналар ва чақалоқларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада ошириш, ўлим ва ногиронликнинг олдини олиш мақсадида марказдаги чақалоқлар реанимацияси бўлими қошида реанимацион-консультатив бригадасини ташкиллаш муҳимдир, – дейди вилоят перинатал маркази бош шифокори Мадҳия Суярқулова. – Туман ва шаҳарларнинг туғруқ муассасаларидаги оғир беморларни 2-3 босқич муассасаларига ўтказишни ташкиллаш ва аҳолига жойларда махсуслашган ёрдам кўрсатиш мақсадида марказимизни жиҳозланган махсус реанимобиль билан таъминлаш таклифини ўртага ташладик. Реанимация бўлими ўрин жойларини 18 ўрин жойга ошириш тиббий ёрдам сифатини яхшилашга хизмат қилади. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, Қўқон ва Марғилон шаҳар туғруқ уйларида 6 ўрин жойга эга чақалоқлар реанимацияси бўлимларини ташкил этиш эса перинатал марказимиздаги ана шу бўлимдаги ўрин жойларга нисбатан ошган юкламани камайтирган бўларди.

Вилоят перинатал марказида қилинган ва қилинажак ишлар кўп. Асосийси, бу ерда туғилган ҳар бир чақалоқ ўз муддатида, соғлом дунёга келсин, оналар ва болалар ўлими қайд этилмасин. Айнан шу кунларда Фарғона шаҳар “Улуғнор” кўчасида истиқомат қилувчи Аҳмаджоновлар хонадонига қувонч келтирган Фотима ва Ҳусан сингари эгизакларнинг жарангдор ва ёқимли ингаси эшитилаверсин!