“Қилди душман раҳм баским…”

Ғазал мулкининг султони  Алишер Навоий  ижодини беназир санъат ва теран тафаккурдан гувоҳлик берувчи бадиий мўъжиза десак муболаға бўлмайди.

Унинг лирик шеърлари билан бир қаторда ўқувчини мушоҳада қилишга ундайдиган, фалсафий, чуқур маъноли ғазаллари ҳам борки, уларни ўқиб шоирнинг комиллик мақомига етишуви нақадар машаққатли бўлганини англайсиз. Шоирнинг дўст ва душман ҳақидаги қарашлари нақадар теран, донишмандона эканига иқрор бўласиз.

Қилди душман раҳм баским, қилди жавр изҳор дўст,

Эй кўнгул, душман топ эмди, тутмағил зинҳор дўст.

Мана шу матлаъ билан бошланувчи ғазал дўсту душман жабридан қалби зардобга тўлган шоирнинг хитобидир.

Инсон ҳаётидаги энг мураккаб, ечимини топиш қийин бўлган муаммолардан бири дўст танлашдир.  Улуғ шоирни ҳам умри давомида ана шу муаммо қийнаган бўлиши керак. У Астрободда ҳоким, Баддиуззамон Ҳусайн Бойқаронинг вазири аъзами, яъна муҳрдор ҳам бўлган. Саройдаги зиддиятлар унга ҳам бегона эмасди. Унинг “Маҳбуб-ул  қулуб”, “Ҳайрат-ул аброр” асарларида  инсоннинг баркамол сифатлари билан бирга қусурларини мукаммал ифода этади.  Яхшилик ва ёмонлик, сахийлик ва бахиллик каби қарама-қарши қутблар ҳақида ёзган ҳикматли сатрлари шоирнинг бошидан кечирган изтиробларининг акс-садосидир….

Аввало  юқоридаги сатрда муаллифнинг кайфияти, ҳолати сезилади. Бировнинг бировга душманлигида ҳам бир ҳикмат яширинган. Навоий айнан ана шу нуқтаи назардан қарамоқда.  Душманнинг раҳмдил бўлиб қолиши иккинчи томоннинг олижаноблигига боғлиқ. Ёки жоҳил дўстдан доно душман яхшироқдир, эй Навоий, ким биландир дўст тутинишингни ҳожати йўқ,  энди сенга яхшилик қилувчи душманни топавер…

Ҳар замон душманларим озурдадур, эй дўстлар,

Баски, ҳар дам еткурур мен зорга озор дўст.

Навоийшунос олимлар шоир ғазаллари маъноси таг замирида ҳам яна бир маъно бор, деб таъкидлайдилар.  Иккинчи жиҳатдан душманлар  ҳасад, кин, қасос, мунофиқликлари билан озурдадур-қийноқдадир. Яъни ҳадиси шарифда ёмонга ёмонлигининг ўзи жазо, дейилади.  Дўстларнинг ҳамд, мақтов, тилёғламалик иллатларидан мен озор топмоқдаман, деган маънони ҳам уқишимиз мумкин. Зеро, кейинги сатрлар бунинг  исботидир.

Мен ўлар ҳолатда, душманлар кўрунуб дўстваш,

Невчун ўлмайким, келур бошимға душманвор дўст.

Кулса душман айб эмаским, кўрмадим оз ҳам вафо,

Гарчи қозғондим қилиб жоним фидо бисёр дўст.

Душманнинг макрини қарангки, у ўзини худди дўстдек тутади, Дўстни кўрингки,   душманни ишини қилиб қошимга  келади.  Чин инсон дўстлик йўлида  жонини ҳам аямайди.   Кўп дўстларга жоним фидо бўлиб, ҳурматини қозонсамда,   душмандан кўпроқ вафо кўрдим.

Соқиё, қил дўстлуқ, тут бода, ким йўқтур ғами,

Бўлса олам душмани ҳар кимга сендек бор дўст.

 Соқий – бу устоз, бода-илм булоғи.  Эҳтимол, Навоий соқий деб ўзининг пири комил устози Абдураҳмон Жомийни балки Саидҳасан Ардашерни назарда тутаётгандир.  Орифона мазмунда қараладиган бўлса соқий – бу Ҳақ , бода-муҳаббат.  Ҳар кўнгилда Ҳақ билан боғланиш бор экан,  оламнинг душмани бўлса ҳам ғам-қайғуси йўқдир.

Итларинг ғавғо қилур гўё Навоий ўлдиким,

Боши узра жам ўлуб афғон қилурлар ёру дўст.

Ит мумтоз адабиётда вафоли дўст рамзи сифатида ифодаланади. Алишер Навоий ғазалларида  ит тимсолига бадиий боғланиш билан ўзини қиёслайди. Чунончи, “Итингға ғамзада жон риштасин расан қилғил”.

Сўнгги сатрларда ҳам итларинг яъни содиқ Дўст-маҳбубларинг Навоий ўлди, унинг боши узра  афғон қилурлар, дейилмоқда.

Навоийнинг улуғворлиги шундаки, унда зоҳирий ва ботиний маънолар бир бирини тўлдириб, бир-бирини зийнатлаб туради. Шунинг учун  китобхон ҳар икки маънодан ҳам завқлана олади.