Эжаларим, бормисиз, омонмисиз…

Қирғиз эли манглайига Яратганнинг ўзи Чингиз Айтматовдек буюк ёзувчини ато этди. Тўғри,  бу халқнинг истеъдодли, беназир фарзандлари кўп. Лекин дунё адабиёт аҳли ёзувчининг асарларидаги нодир фалсафа-умуминсоний қадриятларнинг ғоят теран ифодалари учун ардоқлайди.

Минглаб, миллионлаб китобхонлар эса Чингиз оға қаҳрамонлари тимсолида мард ва танти, орияти баланд қирғиз халқини кўради.  “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Бўронли бекат” романлари, “Оқ кема”, “Сомон йўли”, “Қизил дуррача” қисса ва ҳикояларидаги аёл образлари эса ҳамиша, ҳар доим қирғиз онасининг тенгги йўқ меҳрини кўз ўнгингизда гавдалантиради. Ёзувчи асарларининг ҳаётбахш қиммати шундаки, бу халқ вакиллари билан бир даврада учрашиб қолсак, суҳбатлашсак ёки уларнинг азиз меҳмони бўлсак, беихтиёр ёзувчи қаҳрамонларининг прототипларини кўргандек бўламиз. Зеро, адабиёт миллат танламайди. Ирқи, дини, миллатидан қатъий назар асар қаҳрамонлари китобхоннинг кўнгилдошига, сирдошига  айланиб қолаверади.

Қувасой шаҳри Найман маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 15-умумтаълим мактабида Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган бадиий кечалар нишонланиб,  саҳнавий композициялар ўқувчилар томонидан зўр илҳом билан ижро этилгани қалбингизда ўзгача мамнуният ҳиссини уйғотади. Бу илм даргоҳини том маънода она Ўзбекистонга муҳаббат, садоқат , абадий дўстлик бўсағаси дейиш мумкин. Ҳа, тинч-осойишта юртни ўз Ватани деб билган, “Алпомиш” достонини “Манас” достонидай сўйлагувчи мурғак қирғиз боласини бошини силаётган, саксонни қоралаган отахонга таъзим қилаётган халққа таҳсинлар бўлсин!!!

Президентимизнинг ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 90 йиллик таваллудини нишонлаш бўйича қабул қилинган қарори мактаб ўқитувчиларини ҳам ўзгача руҳлантирди. “Чингиз Айтматов-миллат фахри” номли маърифий тадбирда қирғиз тили ва адабиёти ўқитувчиси Арофат Гадоева, инглиз тили ўқитувчилари Соҳила Умрзоқова, Хуршида Маматбекова, ёшлар етакчиси Мазлума Тожибоева ўқувчиларга  ўзбек, қирғиз, инглиз тилида ёзувчи асарларидан лавҳалар ўқишди. “Оқ кема” қиссаси асосида расмлар танлови ўтказилди. Мактаб парталари қоғоздан ясалган, ип ва ипакдан тўқилган оқ кемаларга тўлиб кетди. Истеъдодли ўқувчиларнинг қирғиз фарзандига бўлган эҳтироми эди бу…

Найманлик тикувчи аёллар мактабда ўқийдиган қизлари билан биргаликда қўл ҳунарларини ишга солишиб улуғ алломаларимиз билан бир қаторда Чингиз Айтматов сиймосини матоларга муҳрлаганлар.

— Қишлоғимизда икки ярим минг аҳоли истиқомат қилади, улардан 1341 нафари аёллар, — дейди “Найман” МФЙ мутахассиси Гулнорахон Тўйқулова. – 2018 йилни шу кунига қадар ҳудудимизда бирорта жиноятчилик ёки ҳуқуқбузарлик, оилавий ажримлар рўй бермади. Матлуба Турдиева, Муқаддас Умарова, Ҳабиба Назарбекова каби чевар, тўқувчи, тадбиркор аёлларимиздан ҳунар ўрганаётган хотин-қизлар сони кун сайин ошиб боряпти. Бир гектарлик мевазор боғи бор хонадонлар кўп. Йил бўйи дастурхоналаримиздан олма узилмайди. Қиш ва баҳорда туршак, ҳар-ҳил мева қоқилари дармон бўлади. Қийналган оила соҳибларига эса ҳеч ким ёрдамини аямайди, жанжалли оилалар яхши насиҳатлар билан муросага келтирилади. Тарбияси мундайроқ болаларни болам, бўтам деб ишга солиб қўядиган кайвониларимиз бор.

Қирғиз онасининг ташбеҳи билан айтганда дийдорлашганда ёнғоқдек очилиб кетадиган, меҳнатда чиниққан, турмуш синовларида иродаси, сабри синалган Оминахон Бадриева, Мақсудахон Юнусова, Мартаба Нишонова, Бусора Тугалбоева. Улар оила аталмиш кичкина Ватанни асраб-авайлаш учун ҳисса қўшарканлар, аслида бутун бир масканни, мамлакат тинчлигини таъминлаяптилар. Фаоллар уй, дала юмушларидан ортиниб,  ҳар куни хонадонларга бир ров бош суқиб, эжаларим, бормисиз, омонмисиз дея оилаларнинг аҳвол-руҳиятини мунтазам ўрганиб борадилар.

… Илгарилари қирғизларни ўтовларини телевизорда кўрардик. Бугун бу афсонавий уй кўз ўнгимизда – Водилда қад ростлади. Фарғона тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигорахон Асқарова уйида меҳр-оқибат рамзи сифатида қадимий анъаналарга хос ўтов қурдирди. Аслан ўтов туркий халқларнинг бошпанаси саналган,  Сурхондарё, Қашқадарё воҳаларида одамлар бундай уйларда ҳам истиқомат қилишган. Каркаси қамишдан пишиқ қилиб тўқилган, кигиз ва юрта билан ўралган 6,5-6,5 кв.метр катталикдаги ўтов ичидаги осори-атиқалар тарих ҳақиқатларидан сўзлайди.

— Уй музей экспонатларини бойитиш учун 15 турдаги чолғу асбобларига буюртма бердим, -дейди Нигорахон.- Туманимиз чегара ҳудудлигини инобатга олсак, қўшни Қирғизистон республикасидан ташриф буюрган меҳмонлар албатта ўтовга кириб ўтишади. Бу ерда қирғизча   қўшиқлар куйлаб, қўбиз, чанқовузлар чалиб, меҳмонни хушнуд этиш имконияти ҳам туғилади. Бир неча йилдирки туманимиздаги 25-умумтаълим мактабида “Сулув қиз” фольклор ансамбли фаолият кўрсатади. Уларнинг ижодий фаолияти ҳам меҳмонларга ажойиб тақдимнома бўлади.

— Вилоятимизда 70 мингдан зиёд қирғизлар истиқомат қилишади,- дейди Қирғиз миллий маданий маркази раиси Мушаррафхон Қўчқорова.- Марказимизда 170 нафар фаоллар иш олиб боришади. Риштон туманидаги Оқтомир МФЙ,  Ўзбекистон туманидаги Пахтабўстон, Фарғона тумани Қораянтоғ, Япағи маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари, шу ҳудудлардаги 11-, 15-, 25,- 46-, 62- умумтаълим мактабларида меҳнат қилаётган ўқитувчи-мураббийлар, таълим олаётган ўқувчилар ҳам вилоятимизда ўтказиладиган маънавий-маърифий тадбирларда фаол иштирок этишади. Деҳқончилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, тадбиркорлик соҳаларида салоҳиятини, ишбилармонлигини намоён этаётганлар ҳам кўплаб топилади.

Куни кеча Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов номли Ижодкорлар боғида Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбирда марказимиз фаоллари концерт дастурлари билан қатнашдилар. Марказимизда эзгу ишларни бардавом бўлиши учун фаолларга суянамиз.

“Ўзбекистон – умумий уйимиз”, “Ўзбекистон – ягона Ватан” деган шиорлар шунчаки тил учида айтиладиган оддий гаплар эмас. Бу шиорлар ҳар бир тинчликсевар миллат вакили  юрак қаъридан чиқаётган хитоблардир.

Бугунги кунда Қирғизистон билан ҳамкорлик  янгича мазмун билан бойиб, ҳудудлар ўртасида алоқаларнинг кенгайиб бораётгани илдизлари туташган халқларнинг эзгу мақсадларининг рўёбидир. Айниқса, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасида фуқаролар учун яратилган шарт-шароитлар узоқ йиллардан бери, қўни-қўшни, қуда-анда бўлиб келаётган икки халқнинг меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлади. Хусусан, вилоятимизнинг чегара олди ҳудудларида бўлиб ўтган Қирғизистон республикаси ва Фарғона вилояти делегациялари учрашувлари жараёнида иқтисодиёт, тадбиркорлик, туризм, маънавий-маърифий соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Энг муҳими…Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида қалбларни-қалбларга туташтирувчи маънавий кўприклар бунёд этилмоқда. Бинобарин, ўзбек ва қирғиз миллати вакиллари бир-бирларини кўрганларида очиқ чеҳра, ёруғ юз билан омонлашиб, бағрикенглик, меҳмондўстлик фазилатларини намоён этмоқдалар.