Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари қирқ биринчи сессияси

Вилоят ҳокимлигининг катта мажлислар залида халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари қирқ биринчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят бошқармалари, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, шаҳар-туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Сессия ишида кўрилган масалалар шаҳар-туман ҳокимликларида ташкил этилган студияларда тўғридан-тўғри кузатиб борилди.

Сессияни вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев очди ва олиб борди.

Кун тартибидаги асосий эътибор вилоятда аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолати, унинг сифат ва самарадорлигини ошириш бўйича истиқболдаги чоралар, халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2019 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқлаш ва бошқа масалаларга қаратилди.

Дастлабки масала бўйича Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Баситхонованинг ахбороти эшитилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳининг вилоятда ўтказган ўрганишлари якунлари муҳокама этилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, муҳтарам Президентимиз ўтган йилнинг 28 декабрь куни Парламентга Мурожаатномасида халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш биз учун ҳаётий ва муҳим масала эканлигига урғу бериб, истиқболда бажариладиган бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди.

Бугунги кунда вилоят аҳолисига 19 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 26 та оилавий, 89 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 62 та қишлоқ врачлик пункти, 60 та шифохона, 10 та диспансер ҳамда 46 та вилоят даволаш-профилактика муассасалари хизмат кўрсатмоқда. Ўтган давр ичида тиббий муассасаларнинг аксариятида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, 2018 йилда 85 та янги хусусий тиббиёт муассасалари ташкил этилди ва уларнинг сони 411 тага етди. Шифокорларнинг малака ва тажрибасини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, анклав ҳудуд – Сўх туманида ҳам тиббий хизмат сифатини ошириш ва бу ерга соҳа мутахассисларини жалб этиш борасида ҳам сезиларли натижаларга эришилган.

Муҳокамалар жараёнида соҳада бажарилиши лозим бўлган бошқа вазифалар ҳамда ечимини кутаётган айрим муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги ҳам айтиб ўтилди. Масалан, аҳолини патронаж хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш бўйича ишлар талаб даражасида ташкил этилмаган. Аксарият ҳолларда эса патронаж хизмати фақатгина тегишли хонадон вакиллари билан суҳбатлашишдан иборат бўлиб қолган ва натижада айрим туманларда касалликка чалиниш ҳолатлари кўпайиб кетган. Хусусан, 2018 йилда вилоятда туғма нуқсонлар билан туғилган болалар сони 263 нафарни ташкил этган ва бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан 16 фоизга ошиб кетган. Шунингдек, бирламчи тиббий-санитария ёрдами ҳамда стационар даволаш муассасаларининг ўзаро интеграцияси лозим даражада таъминланмаётганлиги, яъни айрим ҳудуларда тез ёрдам хизматига бўлган чақирувлар ҳақидаги маълумотлар тегишли оилавий поликлиника ёки қишлоқ врачлик пунктларига ўз вақтида етказилмаётганлиги айтиб ўтилди.

Республика ишчи гуруҳи томонидан шаҳар ва туманларда барча тиббиёт муассасаларининг фаолияти таҳлил этилди, шифокор ва беморлар билан суҳбатлашилди. 300 дан ортиқ хонадонларга ташриф буюрилди ва беморларга амалий ёрдам кўрсатилди. Тиббий кўриклар ташкилланиб, 10 дан зиёд беморлар билан жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Музокараларда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Одилжон Умаров, вилоят “Она ва бола” скрининг маркази директори Манзура Салимова, халқ депутатлари вилоят кенгаши ҳузуридаги ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссияси раиси Ойбек Отақуловлар сўзга чиқди.

– Вилоятимизда аҳоли саломатлигини асраш борасидаги ютуқлар қувонарли албатта. Бироқ айрим камчиликларнинг мавжудлиги фаолиятимизда жиддий ўзгаришлар қилишимиз зарурлигини кўрсатяпти, – дейди вилоят Кенгаши депутати Муқаддас Бекмирзаева. – Сессияда баъзи оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарлари ҳар ойда ўзи хизмат қилиб турган маҳалла аҳолиси олдида ҳисобот бермаётгани қайд этилди. Биз депутатлар ҳам бу ҳолатни ўз вақтида назоратга олмаганимизни англадик. Бундай камчиликлар такрорланмаслиги учун астойдил ҳаракат қиламиз.

– Ишчи гуруҳи фаолияти давомида соҳа мутахассислари учун мастер-класслар ўтказилди, касалликларни эрта аниқлаш ва олдини олишга қаратилган семинарлар ташкил этилди, – дейди вилоят “Она ва бола” скрининг маркази директори Манзура Салимова. – Афсуски, жойларда патронаж хизмати пухта йўлга қўйилмаганига ҳам гувоҳ бўлдик. Айрим дори-дармонлар мавжуд бўла туриб, уларни сотиб олиш шифохонадаги беморларнинг ўзига буюрилган. Бундай ҳолат эса аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлади. Шу боис шифокор ва ҳамшираларимиз ўз масъулиятини чуқур ҳис этишлари, вазифаларини сидқидилдан бажаришлари лозим.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгаши ва доимий комиссияларининг 2019 йилга мўлжалланган иш режасини тасдиқланди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов иштирок этди ва сўзга чиқди.

Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.