Ёшларни гиёҳвандликдан асрайлик!

Республикамиз бўйлаб 1 февралдан 1 мартга қадар “Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига қарши курашиш ойлиги”  бўлиб ўтмоқда.

Вилоятимиздаги барча умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлари, олий ўқув юртларида мазкур ойлик доирасида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Фарғона шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида  ҳам мавзу юзасидан тадбир ташкил этилди. Унда  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш миллий маркази мутахассиси  С.Жабборов, вилоят наркология диспансери врач-наркологи Б.Ибрагимов, Фарғона шаҳар бош имом-хатиби Ж.Раҳмонов, вилоят ҳокимлигининг вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича идоралараро ишчи комиссияси  масъул котиби Қ.Хасановлар сўзга чиқди.

Маърузаларда таъкидланганидек,  инсоният тараққиётига таҳдид солувчи бир неча омиллар мавжуд. Уларнинг энг хатарлиси ва ёшларни ўз домига тортаётгани гиёҳвандликдир. Динимизда “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нарсалар харом” саналади. Демак, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижоратидан келган фойда ҳам харомдир. Бу моддаларни истеъмол қилувчилар аста-секин оғир касалликларга йўлиқадилар ва ички аъзоларида тузатиб бўлмас оғир хасталиклар пайдо бўлади.  Гиёҳванд кимсанинг аввало ўзига, оиласига, касби  ёки ўқишига  қизиқиши  қолмайди.  Айниқса,  заҳри қотил оқибатида ёшлар  ҳаётининг эрта сўниши жуда ҳам аянчли ҳолдир.

Тадбирда  мутахассислар томонидан ёшлар ўртасида гиёҳвандлик моддалари тарқалишининг олдини олишга қаратилган тушунчалар берилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.