Энергетика тизимида маълумотларни қайта ишлаш республика ягона маркази ташкил этилади

“Ўзбекэнерго” АЖ матбуот хизмати хабарига кўра, Тошкент шаҳрида “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев ҳамда Жанубий Кореянинг «KT Corporation» компанияси вице президенти Ли Санг Ки ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Президентимизнинг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими маълумотларини қайта ишлаш республика ягона марказини ташкил этиш юзасидан “Ўзбекэнерго” АЖ ҳамда Жанубий Кореянинг «KT Corporation» ўртасида битим имзоланди.

Жорий йилнинг 1 сентябрига қадар фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган мазкур Марказ электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини, SCADA – автоматлаштирилган диспетчерлик бошқарув тизими ҳамда ахборот бошқарув тизимлари (ERP) бошқариладиган ягона республика маълумотларни қайта ишлаш йўналишларини қамраб олади.

«Марказ республика бўйича ўрнатилган электрон ҳисоблагичлардан истеъмол, тизимдаги электр энергиясининг сифат кўрсаткичлари ва ҳисоблагичларнинг ҳолати тўғрисида маълумотларни йиғади ҳамда қайта ишлайди, – дейди “Ўзбекэнерго” АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев. – Шунингдек, қайта ишланган маълумотлар асосида тизимнинг ва ҳар бир тизимга уланган ҳисоблагичларнинг ҳолати бўйича операторга ҳисобот беради. Бундан ташқари, трансформаторлар кесимида тармоқдаги йўқотишлар миқдорини таҳлил қилиш ва меъёридан ортиқча йўқотишлар кузатилганда ҳамда электр ҳисоблагичга электр таъминоти корхонаси хабарисиз ташқи таъсир кўрсатилганда операторни хабардор қилади».

Таъкидлаш жоизки, давлат раҳбарининг 2018 йил 23 октябрдаги қарорига мувофиқ, 2021 йил якунига қадар 7 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг барчаси ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи, еткзиб берувчи ва тақсимловчи корхоналар ягона электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига тўлиқ уланиши кўзда тутилган.