Озоданинг қўшиқлари грузияда янгради

Озода Яндашова ёш бўлишига қарамай хорижга миллий мусиқамизнинг ажиб дурдоналарини танитиб келяпти.

Озода ўтган йили Грузия давлатининг Батуми шаҳрида бўлиб ўтган халқаро танловда  анъанавий хонандалик бўйича олий ўринни қўлга киритиб қайтди.

— Қизим болалигидан қўшиқ айтишни ёқтиради. Ликопчаларни олиб телевизор орқали айтилаётган мақом қўшиқларини бирга ҳиргойи қилади, – дейди онаси Эътиборхон Толибова. – Боғчада тарбияланаётганида ҳам тадбирларда фаол бўлган. Асли бухороликмиз,турмуш ўртоғимнинг иш фаолияти Фарғонага кўчирилганлиги сабабли, сўлим водийга кўчиб келдик. Бунга ҳам хурсанд бўлдим. Чунки, Фарғона водийсида қўшиқчилик санъати азал-азалдан ривожланган. Қизимни  Фарғона шаҳар 3-сонли мусиқа ва санъат мактабига ўқишга бердик. Бу ерда мақом сирларини астойдил ўрганмоқда.

— Озодахон қобилиятли ўқувчиларимдан. Нафақат мусиқага балки, адабиётга ҳам жуда қизиқади. Мактабимиз миқёсида ўтказиладиган танловларда биринчиликни эгаллагани учун уни доим тенгдошларига ибрат қилиб кўрсатамиз. Келажакда унинг мақом санъати ривожига муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз. – дейди устози Шаҳноза Давлатова.