Эрталабки бадантарбия машғулотлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 сентябрь куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда берилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида  жорий йил 27 январь куни Фарғона шаҳридаги “Нефтчи” профессионал футбол клуби қошидаги болалар-ўсмирлар футбол мактабида аҳолининг барча қатлами вакиллари ўртасида эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди.

– Мазкур тадбирда эрта тонгда 300 нафардан зиёд фуқаролар иштирок этишди. Вилоят жисмоний  тарбия ва спорт  бошқармасининг ташаббуси билан  ҳар ҳафтанинг жума куни соғломлаштириш куни деб эълон қилинди, – дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси олий спорт ютуқлари бўйича бош мутахассиси Фахриддин Абдукаримов. – Мақсадимиз –  фуқароларимиз  ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш, уларни спортга жалб этиш, аҳоли  соғлиғини  мустаҳкамлашга ҳар томонлама  кўмаклашишдан иборат.

Фарғона  шаҳридаги барча маҳаллаларда эрталабки бадантарбия машғулотларини тарғиб қилиш ва ўтказиш режалаштирилди.  Энг асосийси, шуғулланувчи гуруҳларга биттадан мутахассис бириктирилди. Чунки эрталабки бадантарбия машғулотлари инсон саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади ҳамда  фойдали иш коэффициенти юқори бўлади.