“Кварц” – халқаро мукофот совриндори

Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳар соҳада ўзининг ижобий натижаларини намоён этмоқда. Айниқса, иқтисодий йўналишдаги бунёдкорлик ишлари таҳсинга сазовордир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилаётган барча қурилиш объектларида Қувасой шаҳрида фаолият олиб бораётган “Кварц” акциядорлик жамияти ишчи-ходимлари ишлаб чиқараётган энг сифатли, силлиқланган ойна маҳсулотларидан кенг фойдаланилаётганини яхши биламиз. Ушбу корхона вилоятимиз иқтисодиётини юксалтиришда ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшяпти.

“Кварц” акциядорлик жамияти яқинда Россия Федерациясининг Москва шаҳрида “Стекло и современные технологии-ХХI” мавзусидаги халқаро анжуманда иштирок этди. Россия Федерациясининг “Миллий бирдамлик” дастури доирасида ўтказилган мазкур анжуман нуфузи жиҳатидан жаҳонда энг юқори даражага эга. Унда дунёнинг энг ривожланган мамлакатлари ойнасозлари иштирок этадилар ва тақдирланадилар.

Беш кун давом этган халқаро анжуманда “Кварц” АЖнинг кейинги йиллардаги барқарор иқтисодий кўрсаткичлари ва ишлаб чиқариш соҳасида эришаётган ютуқлари юқори баҳоланиб, халқаро “Эътироф” мукофотига лойиқ кўрилди. Корхона жамоасини эришилган муваффақият билан қутлаймиз.

Қодирали АҲМАДАЛИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.