Мақсадимиз – халқимиз турмуш даражасини янада ошириш!

Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашига Ўзбекистон халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар 5-Бобур сайлов округидан Фарход Мирсалимов, 9-Темирйўл  сайлов округидан Рауф Мирзаев, 14-Ёрқин сайлов округидан Шавкат Эрматов, 17-Яккатут сайлов округидан Собиржон Темиров, 29-Ёзёвон сайлов округидан Илхом Абдувохидов, 58-Ҳувайдо сайлов округидан Нигорахон Аскарованинг сайловчилар билан ўтказаётган учрашувлари фуқаролар фаоллигида кечмоқда.

Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатимизда давлат ва жамиятнинг манзилли ижтимоий муҳофазаси ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашига эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ, уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатиш тизимини янада ислоҳ этишга эътибор қаратади. Партиядан халқ депутатлари вилоят Кенгашларига номзодларимиз дастурлари ҳам айнан мазкур йўналишлардаги устувор ғояларга асосланади.

Мамлакатимизнинг ҳар томонлама ривожланиши борасида амалга оширилаётган стратегиянинг муҳим ижтимоий йўналиши бу аҳоли турмушининг сифатини янада оширишдан иборат.

Партиядан кўрсатилган номзодлар саноатнинг кенг тармоғи бўлган енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун чет эл инвестицияларини жалб қилиш, йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квоталар белгилаш орқали жисмоний имкониятлари чекланган ногиронлиги бор шахсларни касаначилик фаолиятига жалб қилишни кенгайтириш, ижтимоий аҳамиятга молик товар ва хизматлар бозорида устун мавқега эга (ҳукмрон) бўлган субъектларнинг монополистик фаолиятини чеклашга йўналтирилган монополияга қарши сиёсат самарадорлигини оширишни ўз олдиларга мақсад қилиб қўйган.

Одамларимизнинг ҳаёт тарзи ва даражасини юксалтиришда бандликни таъминлаш муҳим ўрин тутади. Ишли, турмуш даражаси юқори бўлган одам эртасидан кўнгли тўқ бўлиб яшайди. Шу маънода изоҳлайдиган бўлсак, аҳолининг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш учун, аввало, одамларга меҳнат қилиш имкониятини бериш керак. Бунинг учун бандлик дастури ва бошқа ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг ижросини қатъий таъминлаш талаб этилади. Халқ демократик партиясидан кўрсатилган номзодларнинг дастури шу жиҳатлари билан аҳамиятлидир.

Бизнингча, кучли ижтимоий сиёсат бир қатор масалаларни қамраб олади. Аввало, меҳнатга лаёқатли аҳолининг муносиб ҳақ тўланадиган иш топишга интилишини қўллаб-қувватлаш, уларнинг шахсий ташаббускорлиги ва тадбиркорлигини рағбатлантириш керак. Мисол учун: сессияда бир туман ёки шаҳар миқёсидаги масала кўтарилгандан кейин уни чуқур кўриб чиқиш, таҳлил ва хулосаларни умумлаштириш, пухта ва пишиқ таклифлар ишлаб чиқиш имкони ортади. Чунки унда кўтарилаётган ҳар бир масала айнан битта ҳудуд мисолида кўриб чиқилади.

Бунда нафақат аҳолини ташвишлантириб келаётган масалалар атрофлича кўриб чиқилади, балки туманлар даражасида маҳаллий бюджет, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурлари ишлаб чиқилади ва қабул қилинади.

Соғлиқни сақлаш соҳасини изчил ислоҳ қилиш натижасида биринчи тиббий ёрдамдан қулай ва тезкор фойдаланишни таъминловчи қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП), айниқса, олис қишлоқлар аҳолиси учун ҚОП тармоғини кенгайтириш, жисмоний имконияти чекланган кишилар ва бошқа айрим тоифаларга имтиёзли асосда бериладиган дори воситалари ва тиббий жиҳозлар рўйхатини кенгайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти, дори воситалари ва тиббий анжомларга нархларнинг қўйилиши устидан давлат назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Кўриниб турибдики, бу муҳим ижтимоий-сиёсий жараён сиёсий партияларнинг жамиятдаги ўрнини ҳам белгилаб беради. Сайловдан кейин ҳар бир туман Кенгашида депутатлик гуруҳларининг тузилиши партиянинг тўлақонли фаолият юритиши, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ташаббус ва амалий ҳаракатлари кучайишига хизмат қилади.

Умуман олганда, партиямиздан депутатликка кўрсатилган номзодлар билдираётган таклифлар бугун ҳаётимизда кузатилаётган, одамларга қийинчилик туғдираётган камчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.