Солиқ кодексида 114 та ўзгартиш ва қўшимчалар

Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йил 24 декабрда “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни имзоланди.

Барчамизга маълумки, мамлакатимизнинг солиқ тизими йил бошидан буён кенг жамоатчиликнинг муҳокамасида бўлиб, натижада солиқ концепцияси ва бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармони солиқ тизимини ислоҳ қилишда муҳим  қадам бўлди. Мазкур концепцияда солиққа тортиш тизимини тубдан ислоҳ этиш, шу жумладан солиқлар ва мажбурий тўловларни қисқартириш, самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш кўзда тутилган эди.

Жамоатчилик фикри ва муҳокамалар натижасида юқоридаги Қонуннинг 2-моддаси билан Солиқ кодексига 114 та ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 2019 йил 1 январдан кучга кирган мазкур ҳужжат мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида, бизнес юритиш соҳасида катта аҳамиятга эга. Унда белгиланган нормалар юртимизда олиб борилаётган солиқ сиёсатини тубдан ислоҳ этиб, уни янги босқичга олиб чиқади.

Мазкур Қонун билан юридик шахсларнинг айланмасидан давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалари ҳамда фуқароларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш туридаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадаллари тўланмаслиги белгилаб қўйилди.

Эндиликда жисмоний шахсларнинг даромадлари ҳеч қандай шкалаларга ажратилмайди ва қиймати қанча бўлишидан қатъи назар 12 фоиз миқдорида солиққа тортилади. Бунда даромад солиғининг 0,1 фоизи шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақаларига йўналтирилади.

Солиқ кодексининг 208-моддаси янги имтиёз билан тўлдирилди, яъни 2019 йилдан ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган гўшт (мол, қўй ва товуқ, шунингдек тирик хайвон ва қушлар), балиқ, картошка, пиёз, тухум, гуруч, (барча навлари), шакар каби озиқ-овқат маҳсулотлари қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилган.

Қонуннинг 12-банди билан Солиқ кодексининг 71-моддасида хронометраж кўздан кечириш — хронометраж ўтказиладиган даврда тушумларнинг ҳақиқий ҳажмларини, пул тушуми суммаларини, ишлаб чиқариш ҳажмларини, товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш ҳажмларини аниқлаш мақсадида амалга ошириладиган, товарларни (ишларни, хизматларни) ҳақиқий реализация ҳажмларини аниқлашга доир солиқ назорати эканлиги, хронометраж кўздан кечиришни ўтказиш муддати етти календарь кундан ортиқ бўлмаслиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, кодекс мавзули экспресс-ўрганиш номли янги 712-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, мавзули экспресс-ўрганиш камерал назорат натижалари бўйича жойига чиққан ҳолда солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун амалга оширилиши, солиқ тўловчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг камерал назорат натижаларига доир талабномасига жавобан тақдим этилган ахборотнинг ишончлилигини тасдиқлаш мақсадида ушбу ахборотни ўрганиш зарурлиги мавзули экспресс-ўрганишни тайинлаш учун асос бўлиши белгиланди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур қонун билан текширувларнинг статуси ва шаффофлиги оширилмоқда.

Акмалжон АКБАРАЛИЕВ,

 Фарғона шаҳар прокурори ўринбосари.