“Адолат ва ошкоралик – Дастуримиздир”

Халқ депутатлари Фарғона вилояти кенгашига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодлар 5-Бобур сайлов округидан Шаҳноза Ғаниева, 9-Темирйўл  сайлов округидан Дурдона Қосимова, 14-Ёрқин сайлов округидан Мухамад Қўзиев, 17-Яккатут сайлов округидан Бахтиёр Худойбердиев, 29-Ёзёвон сайлов округидан Манзура Мўминова, 58-Ҳувайдо сайлов округидан Нодирбек Каримовнинг сайловчилар билан ўтказаётган учрашувлари фуқаролар фаоллигида кечмоқда.

Демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг муҳим мезонларидан бири – бу фуқароларнинг сиёсий жараёнларда, хусусан, давлат ва жамият бошқарувида фаол иштирок этиши ҳисобланади. Мазкур фаолиятнинг самарали амалга оширилишида муҳим сиёсий жараён ҳисобланган сайловлар асосий ўринни эгаллайди. Адолатли сайловлар орқали демократик мезонлар амалга татбиқ этилади, халқнинг ишончли вакили ҳокимият тепасига келади, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланади, орзу-умидлари рўёбга чиқади. Давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш бўйича ўз хоҳиш – иродасини эркин билдириб, конституциявий ҳуқуқини амалга оширувчи куч, мамлакат ишончи бу, албатта, унинг фуқароларидир.

Партиямиздан кўрсатилган номзодлар ҳам конституцион ҳуқуқларидан фойдаланиб, келажакда ўз олдиларига қўйилган мақсадларга дастурий вазифалари билан мувофиқ келган “Ўзбекистон “Адолат” СДПни танлаган ҳолда халқ ноиби каби масъулиятли бурчни эгаллаш учун номзодликка даъвогар сифатида сиёсий майдонга чиқмоқдалар ва бу йўлда сайловчиларимиз қўллаб-қувватлаб берган овозларига, билдирган ишончларига таянадилар, албатта.

Вилоятимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Фарғона вилоят Кенгаши мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, сиёсий-ижтимоий ҳаётимизни модернизация қилиш ва демократлаштириш, бозор муносабатларини чуқурлаштириш, тинчликсевар сиёсат олиб бориш, халқ фаровонлиги, юрт ободлиги, келажагимиз равнақи йўлида  меҳнат қилмоқда.

Партиямизнинг сайловолди Дастурида акс этган “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони,  адолат – ҳар бир инсон учун” деган эзгу ғоялар асосий шиоримиз сифатида барчамизга ҳақиқат, одиллик, инсонпарварликни устувор вазифа этиб белгилайди. Зеро, тарихда буюк давлатчиликка асос солган Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг: “Адолат ва озодлик дастурингиз ва раҳбарингиз бўлсин. Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир” дея  таъкидлаган сўзлари биз учун дастуруламалдир.

Шу сабабли номзодлар дастурида белгиланган аёллар мустақил фаолият юритишини мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий, интеллектуал, профессионал салоҳиятидан фойдаланиш, ижтимоий ҳаётдаги ўрнини кенгайтириш, ижтимоий фаол аёллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятнинг сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётидаги роли, ҳуқуқ ва имкониятлари, оиладан тортиб жамиятнинг барча соҳаларида янада муҳим мавқега эришишларига имкон берувчи шароитлар яратиш, оилаларимизнинг маънавий-ахлоқий муҳитини мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини яратиш, ижтимоий ҳимояланишга муҳтож хотин-қизларни манзилли қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш, ажримларни олдини олиш вазифалари бош мақсадимиздир.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фуқаролик жамиятини ривожлантириш, унинг барча вакилларининг мамлакатимиз келажаги, аҳолисининг маънавий ва моддий фаровонлиги учун биргаликдаги масъуллигини шакллантириш мақсадида асосий таркибий қисми “маҳалла” ҳисобланган ўзини ўзи бошқариш органлари тизимини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш тарафдори. Зеро, маҳалла – фуқаролик жамияти сари элтувчи йўлдир. Бу эса “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини амалда намоён бўлишидир. Номзодларнинг сайловолди дастурларида маҳалла институтини янада ривожлантириш, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб боришга кўмаклашиш вазифлари акс этади.

Кўриниб турганимиздек, партиямиздан депуталикка номзоди кўрсатилаётган вакилларимизнинг эзгу мақсадларига эришишлари учун юртимизда ҳамма имкониятлар мавжуд. Бу долзарб вазифаларни сайловчилар ишончи билан улар, албатта, уддасидан чиқишларига умид билдирамиз.