Ким кимга ҳавас қиляпти?!

Одатда сунъий гулларни кўрган одам уларнинг ранг-шаклларига маҳлиё бўлади-ю ҳеч қандай завқ-сурур ололмайди, табиатга бўлган меҳрни ҳис этолмайди.

“Оммавий маданият” ҳам худди шунга ўхшайди. Унинг “серқирра кўринишлари” бир қарашда ёшларга ажабтовур туюлгани билан ҳеч қандай маънавий қуввати йўқ, балки аҳлоқсизликнинг тубан кўчаларига олиб киради холос. Ҳа, “оммавий маданият” нинг турфа хил нағмалари ёшлар ҳаётига шу қадар тез ва жадал кириб келяптики, буни фақат бой маданий-маънавий меросимизни ўрганиш ва татқиқ этиш, миллий қадриятларимиз, олижаноб анъаналаримиз тарғиботини кучайтириш билан қайтариш мумкин дейишмоқда маънавият жонкуярлари.

Интернет сайтларидан бирида “оммавий маданият”нинг аҳлоқсиз кўринишларидан бири “Европа бўйлаб метрода шимсиз юриш” тадбири ҳақидаги танқидий мақолага кўзим тушиб қолди.

— Тарбиядаги “демократик тамойиллар” шу даражага бориб етдики,- деб ёзади интернет мақола муаллифи Берлин шаҳридаги Виндмюленберг мактаби ўқитувчиси Анвар Шерматов,-  ҳар қандай маданият, ҳар қандай дин тақиқлайдиган, қоралайдиган ишлар оддий ҳолатга айланди. Германияда бир жинсли никоҳга қонунан рухсат берилган. Бир жинсли инсонларнинг қонуний оила қуриши уларга бола сақлаб олиш имкониятини беради. Энди тасаввур қилинг, икки эркак тарбиялаган бола қандай бола бўлади? Қолаверса, бир жинсли оила бировга халақит бермай яшашни хаёлига ҳам келтирмайди, аксинча имконият туғилди дегунча кўчага чиқиб, ўзларининг беҳаё қилиқлари билан бир жинслиликни тарғиб қилишади. Бунга ҳар йили Берлинда ташкил қилинадиган “христофер стреет дей” (christophеr street day)ни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Ҳар йили июль ойининг биринчи ҳафтаси охирида бутун дунёдан бир жинсли жуфтликлар келиб, ўз “ҳақ-ҳуқуқларини” талаб қилиш мақсадида беҳаё кийиниб ўзларининг ақл бовар қилмайдиган қилиқлари билан Берлин кўчаларида парад ўтказади.

Бутун Европа бўйлаб йилда бир бор ўтказиладиган “Метрода шимсиз юриш” («No Pants Subway Ride) тадбири доирасида дуппа-дуруст кўринган инсонларнинг жамоат жойида шимсиз юришини нима билан изоҳлаш мумкин? Бундан кўзланган мақсад нима, тушунарсиз ва мантиқсиз ҳолат.

Мақолани ўқиб фикратга толасиз. Афсуски орамизда хориж ҳаётини ҳавас қила туриб у ердаги иллатларга ҳам тобе бўлиб қолаётган ёшларнинг борлиги қалбимиздаги жароҳатдир. Кийиниши, юриш-туриши, хатто характеридаги хусусиятларгача бошқа халқ ва миллатга тақлидан ўзини ўзгартириб бораётган ўғил-қизларнинг ота-оналари бу фожеага тараққиёт белгиси нуқтаи назари билан қараётгани қалб жароҳатини янада чуқурлаштиради.

Ўғлим чет элда ишлаб пул топди, бойлик орттирди, ўша ерлик аёлга уйланди, бола-чақали бўлди, энди йўлидан қайтаролмаяпман,- дейди аёлларимиздан бири.

Мен ҳам худди шундай савдо бошига тушган аёлларданман, — дейди иккинчи суҳбатдошим.- Лекин мен бошқача йўл тутдим.  Хорижга ўғлим ишлаётган шаҳарга бордим. У ўзидан ёши анча катта аёлга илакишиб қолган экан. Йиғлаб-сиқтаб юриб йўлга солдим, ниҳоят уйга олиб келдим. Бу ёғига ҳаётини изга сололмаяпман.

Бундай воқеаларни ора-сирада эшитиб турамиз-у булар “оммавий маданият” нинг кўринмас қўли эканлигини билавермаймиз. Шахс эркинлиги ҳақида жозибадор шиорларнинг бир учи ана шу иллат ипига уланиб турганини англайвермаймиз.  Унинг фанатик кўринишлари ўсмир ўғиллар, навраста қизларда кузатилса ҳам сал одамовироқ бўлиб қолди, ўтиш ёшида-да деган хулоса ила таскин топамиз.

Жимгина юрган, кечалари яширинча телефони билан мулоқот қиладиган, телефонини қўлидан олиб қўйсанг “шайтонлаб” қоладиган ўсмирда “оммавий маданият”нинг илк илдизлари кўз ёрибди. Фанатизм, эгоцентризм, бодиарт, селфемания, парнография каби иллатлар авж олар экан, бир кун келиб инсонни ўзлигидан, динидан, элидан, яқинларидан айиришига ҳеч шубҳа йўқ. Бу иллатга тобе бўлганларга Ватан, ота-она соғинчи, меҳр-мурувват туйғулари мутлақо бегона.

Шаҳарлик сартарош боғча ёшидаги болакайнинг сочларини олиб чаккасидаги соч толаларини устарада кўпроқ қиртишлаб қандайдир белги  қўйибди. Болакайнинг онасидан бу белги ҳақида сўрасам  мода бўлса керак, деб жавоб берди. Баъзи бир болалар, йигитларнинг соч турмагини хўрознинг тожидек қилиб турмаклаб ёки бошнинг маълум бир қисмида бир тутам сочини қолдириб, қолганини қиртишлаб қўйган сартарош наҳотки шу ишидан уялмаса? Шу ўринда сартарошга барибир, ҳақини тўласа бўлди-да дерсиз. Лекин сартарош ҳам мижозини беодобга ўхшатиб қўймаслиги керак-да.

Яна интернет муаллифнинг мақоласидан  иқтибос келтирамиз:     Немис мактабларида мактаб формаси жорий қилинмаган. Бу демократик тамойилларга кўра инсоннинг кийиниш эркинлигини чеклаши мумкинлиги билан изоҳланади. “Эркинлик” шу даражага етганки, бола истаган кийимида дарсга келади. Бу масала сиёсатчилар иштирокида ўтадиган ток-шоуларда кўп бор кўтарилган, фақат ёндошув бошқача, яъни юқори синфда ўқийдиган қизларнинг бу қадар очиқ кийиниши эркак ўқитувчиларнинг ишлашига халақит қилмайдими, деган маънода. Ўқитувчилар ҳам истаган кийимида дарсга келаверади. Калта, тор юбкада, майка, шортикда ишга келадиган ўқитувчилар ҳам етарлича топилади.”

Ғарб ҳар қанча тараққий этган бўлмасин, маънавий таназзул борасида оғриқли жиҳатлари кўп эканлигини ёшлар тан олишлари, ўзларини ана шундай таназзулга юз тутишдан эҳтиёт қилишлари керак.

Мамлакатимизда шахс эркинлиги, унинг камолоти миллий қадриятларимизга асослангани, танланган йўлимиз нақадар тўғри ва хайрли эканлиги ҳар бир соҳада рўй бераётган ислоҳотлар самарасида ўз аксини топяпти. Фарзанд тарбияси бугун ҳаёт-мамот масаласи, ёшларнинг кундалик ҳаёти юрагимиз, кўзимиз устида бўлса юқоридагидек иллатлар барҳам топади.

Дунё аҳли буюк аждодларимиз, алломаларимизга ҳавас билан қараётган бўлса,  бугунги авлодлар ҳам ана шу ҳавасга ҳамоҳанг бўлиши керак. Зеро,  маънавияти тараққий этган элга ҳамма ҳавас қилади…